platina.uz
Спорт

Шавкат Мирзиёев Руфат Рисқиев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Руфат Рисқиев собиқ Иттифоқ миқёсида 4 карра чемпион бўлиб, хизмат кўрсатган спорт устаси даражасига етишди. У Марказий Осиё мамлакатларидаги биринчи халқаро профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам муваффақиятли иш олиб борди.

Шавкат Мирзиёев Руфат Рисқиев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев боксчи Руфат Рисқиев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди.

Ўзбек бокс мактабининг атоқли намояндаси, жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, машҳур спортчи ва мураббий Руфат Асадович Рисқиев шу йил 15 август куни 76 ёшида вафот этди.

Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятида шифокор оиласида туғилди. Ўқувчилик йилларидан бошлаб спортнинг бокс турига меҳр қўйиб, тажрибали устозлар қўлида таълим олди. Ўзининг бетакрор истеъдоди ва юксак техник маҳорати, кучли иродаси ва жанговар характери билан мухлислар эътиборига тушган афсонавий спортчи ўз фаолиятини ҳаваскор боксчи сифатида бошлаб, кейинчалик республика ва дунё миқёсидаги мусобақаларда фаол иштирок этди, қизғин ва аёвсиз жангларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Айниқса, 1974 йил Куба Республикасининг пойтахти – Гавана шаҳрида ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатидаги муросасиз жанглар азму шижоатли ўзбек ўғлонининг спортчилик фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Дунёнинг энг кучли чарм қўлқоп усталарига қарши мардона рингга чиқиб, чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатган баҳодир юртдошимиз ана шу нуфузли мусобақада олтин медални қўлга киритиб, ўзбек боксида биринчи марта жаҳон чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди ва миллий спортимиз тарихида ўчмас из қолдирди, Ўзбекистон ифтихорига айланди.

Моҳир спортчимиз 1976 йилда ёзги Монреаль Олимпиадасида ҳам жонбозлик кўрсатиб, ғоят қийин беллашувларда кумуш медални қўлга киритди.

Руфат Рисқиев собиқ Иттифоқ миқёсида 4 карра чемпион бўлиб, хизмат кўрсатган спорт устаси даражасига етишди. У Марказий Осиё мамлакатларидаги биринчи халқаро профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам муваффақиятли иш олиб борди.

Ёрқин истеъдод ва маҳорат эгаси бўлган Р.Рисқиев нафақат республикамиз, балки жаҳон бокс жамоатчилиги ўртасида ҳам катта ҳурмат-эътибор топди. У “Тошкент йўлбарси” деган шарафли ном билан спорт мухлислари, бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллади. Машҳур спортчи ҳақида китоблар ёзилди, бадиий фильм суратга олинди.

Устоз спортчи ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини оширишга мураббий ва ҳакам сифатидаги самарали фаолияти билан ҳам беқиёс ҳисса қўшди. Унинг спорт оламидаги шарафли йўли юртимиздаги ёш спортчилар учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Р.Рисқиевнинг мамлакатимиз спортини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан юксак тақдирланди. У “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган эди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid