Татаристондаги ҳолат бўйича ҳукумат комиссияси тузилди
Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларини ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилди.

Россияда дрон ҳужуми сабаб ҳалок бўлган ўзбекистонликлар иши бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
2026 йил 10 август куни тонгда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрида жойлашган бир қатор объектларга учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) орқали ҳужум содир бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳри ҳудудида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган жами 8 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган ҳамда бир нечта фуқароларимиз турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра, Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларимизнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, фармойишга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Махсус ишчи гуруҳ Россия Федерациясига юборилиб, барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда ҳодиса жойига Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари етиб бориб, россиялик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлган ҳолда, ҳамкорликда тезкор чора-тадбирларни кўрмоқда.
