platina.uz
Мақола

Каспий денгизи инқироз кўзгуси сифатида

Каспий денгизи аллақачон беш давлатнинг оддий ички сув ҳавзаси бўлишдан чиқиб кетган. Сўнгги ўттиз йил давомида у дунёнинг энг муҳим энергетик минтақаларидан бирига айланди. Бу ерда Россия, Хитой, Европа, Туркия, Марказий Осиё давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг манфаатлари кесишади. 

Каспий денгизи инқироз кўзгуси сифатида

Сургунда яшаётган Эрон шаҳзода вориси Ризо Паҳлавий Ислом Республикасининг амалдаги раҳбариятини Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш режалари орқали мамлакатнинг геосиёсий манфаатларига зарар етказаётганликда айблади.

Унинг фикрича, Теҳрон халқаро майдондаги мавқеи заифлашган бир шароитда ҳудудий ва иқтисодий масалаларда асоссиз ён беришларга бормоқда. Паҳлавий таъкидлашича, Каспий бўйидаги барча давлатлар ўртасида консенсус тамойилини четлаб ўтиш «хавфли прецедент» ҳисобланади. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар Эроннинг тарихий позицияларига путур етказади ва мамлакатнинг Каспий денгизи тақдирини белгилашдаги ролини пасайтиради.

Денгиз сиёсат қуролига айланганда

Ризо Паҳлавийнинг баёноти, дастлаб қараганда, Эрон мухолифати билан расмий Теҳрон ўртасидаги навбатдаги сиёсий тортишувдек туюлиши мумкин. Бироқ бу сўзлар ортида анча мураккаб манзара яширинган. Гап саккиз йил аввал имзоланган халқаро шартнома ҳақидагина эмас, балки ҳокимиятнинг легитимлиги, тарихий хотира, энергетик хавфсизлик, халқаро ҳуқуқ ва Евроосиёнинг келажакдаги геосиёсий тартиби каби масалалар ҳақида ҳам бормоқда.

Каспий денгизи аллақачон беш давлатнинг оддий ички сув ҳавзаси бўлишдан чиқиб кетган. Сўнгги ўттиз йил давомида у дунёнинг энг муҳим энергетик минтақаларидан бирига айланди. Бу ерда Россия, Хитой, Европа, Туркия, Марказий Осиё давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг манфаатлари кесишади. Денгиз тубида улкан нефть ва газ захиралари жойлашган, янги транспорт йўлаклари шаклланмоқда ҳамда йирик давлатлар рақобатининг муҳим нуқталари юзага келмоқда.

Шу боис Каспийнинг ҳуқуқий мақомидаги ҳар қандай ўзгариш фақат минтақавий эмас, балки халқаро аҳамият касб этади. Агар бу ўзгаришлар минтақанинг энг йирик давлатларидан бири — Эрондаги ички сиёсий инқироз билан бир вақтга тўғри келса, масала бутун дунё диққат марказига чиқиши табиий.

Бугунги кунда Эрон Каспий бўйидаги беш давлат орасида Конвенцияни ҳалигача тўлиқ ратификация қилмаган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу баҳснинг нега бунчалик кескин тус олганини тушуниш учун, аввало, Каспий денгизи ҳуқуқий мақомининг тарихи билан танишиш зарур.

Нега Каспийнинг ҳуқуқий мақоми шу пайтгача ҳал этилмади?

Каспий денгизининг ҳуқуқий режими билан боғлиқ муаммо XXI асрда пайдо бўлган эмас. Унинг илдизи 1990-йиллар бошида, Совет Иттифоқи парчаланган даврга бориб тақалади.

Ўша вақтгача вазият нисбатан содда эди. Каспий соҳилида атиги икки давлат — СССР ва Эрон мавжуд бўлган. Уларнинг муносабатлари асосан 1921 ва 1940 йиллардаги шартномалар билан тартибга солинарди. Бу келишувлар денгиздаги кема қатнови, балиқчилик ва хўжалик фаолиятини белгилаб берган, аммо денгиз тубини давлатлар ўртасида тақсимлаш масаласи деярли кўтарилмаган. Чунки ўша даврда чуқур сув қатламларида нефть ва газ қазиб олиш ҳозиргидек аҳамият касб этмаган эди.

Совет Иттифоқи парчалангач, Каспий бўйидаги давлатлар сони бирданига бештага етди. Россия ва Эрондан ташқари мустақил Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон пайдо бўлди. Бу эса янги саволни туғдирди: энди денгиз ҳудуди, табиий бойликлар ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи қандай тақсимланади?

Бир қарашда жавоб оддий кўринади — давлат чегараларини денгизда ҳам белгилаш керак. Аммо айнан шу ерда асосий қарама-қаршиликлар юзага келди. Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон денгиз тубини модификация қилинган ўрта чизиқ тамойили бўйича тақсимлашни таклиф қилди. Бу халқаро амалиётга мос келар ва аллақачон ўзлаштирилган нефть конларини ўша давлатлар ихтиёрида сақлаб қолиш имконини берар эди.

Эрон эса мутлақо бошқача ёндашувни илгари сурди. Теҳроннинг фикрича, СССР парчаланганидан кейин аввалги шартномалар ўз кучини йўқотган ва Каспий беш давлат ўртасида тенг — ҳар бирига 20 фоиздан тақсимланиши лозим эди. Сиёсий нуқтаи назардан бу талаб жозибадор кўринган бўлса-да, география бу ғояни амалга оширишга йўл қўймасди.

Каспийнинг жанубий қисми шимолига нисбатан анча тор. Агар денгиз ҳақиқатан ҳам тенг секторларга бўлинганда, Қозоғистон, Озарбайжон ва Россиянинг аллақачон ўзлаштирилган нефть-газ ҳудудлари қайта тақсимланишига тўғри келар эди. Табиийки, бу давлатлар бундай вариантга рози бўлмади.

Шу тариқа музокаралар қарийб ўттиз йил давом этди. Бу вақт ичида юзлаб экспертлар учрашувлари, ташқи ишлар вазирлари музокаралари ва давлат раҳбарлари саммитлари ўтказилди. Ҳар бир мамлакат нефть ва газдан келадиган миллиардлаб долларлик манфаатларини ҳимоя қилишга интилди. Ниҳоят, 2018 йил август ойида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида муросага эришилди.

Ақтау муросаси нимани ўзгартирди?

2018 йилда имзоланган Конвенция халқаро ҳуқуқ тарихида ўзига хос ҳужжатга айланди. Чунки у амалда жаҳон амалиётида деярли ўхшаши бўлмаган янги ҳуқуқий режимни шакллантирди.

Ҳужжат муаллифлари Каспийни на денгиз, на кўл сифатида расман эътироф этиш йўлини танламади. Чунки бу ҳолатда халқаро денгиз ҳуқуқининг умумий нормалари қўлланилар ва улар иштирокчи давлатларнинг барчасини бирдек қониқтирмас эди. Шунинг учун Каспийга алоҳида, мустақил ҳуқуқий мақом берилди.

Конвенция бир қатор муҳим тамойилларни мустаҳкамлади.

Биринчидан, ҳар бир соҳилбўйи давлат ўзининг ҳудудий сувлари ва балиқчилик ҳудудига эга бўлади.

Иккинчидан, денгиз тубини чегаралаш қўшни давлатлар ўртасидаги икки томонлама келишувлар асосида амалга оширилади.

Учинчидан, ҳудудий сувлардан ташқарида эркин кема қатнови сақланиб қолади.

Энг муҳими эса, Каспий соҳилига чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатларнинг ҳарбий кучлари бу ҳудудга киритилмаслиги ҳақидаги қоида мустаҳкамланди. Бу қоида Каспийда НАТО ёки бошқа ташқи ҳарбий кучларнинг доимий иштирокини ҳуқуқий жиҳатдан истисно қилади.

Москва учун бу жанубий стратегик йўналиш хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим элементидир. Теҳрон учун эса мамлакатнинг шимолий чегаралари хавфсизлигининг қўшимча кафолатидир. Шу билан бирга, денгиз тубини тақсимлаш масаласи айнан Эрон учун энг баҳсли ва оғриқли масала бўлиб қолмоқда.

Нега Эрон ўзини ютқазган томон деб ҳисоблайди?

Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенцияга қарши чиққанларнинг асосий далилларидан бири шуки, гўёки Эрон ўзининг тарихий ҳуқуқларининг катта қисмини йўқотган эмиш. Сургундаги шаҳзода Ризо Паҳлавий ҳам айнан шу ғояни илгари сурмоқда. Унинг фикрича, Эрон халқаро санкциялар, иқтисодий инқироз ва ташқи сиёсий босимлар туфайли заифлашган бир пайтда қўшни давлатларга асоссиз ён беришга рози бўлган. Бу фикр Эрон жамиятининг муайян қисмида қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ масалага халқаро ҳуқуқ ва тарих нуқтаи назаридан ёндашилса, вазият анча мураккаб экани маълум бўлади.

Сўнгги ўн йилликларда Эрон сиёсий муҳитида бир фикр кенг тарқалди: гўёки Совет Иттифоқи парчалангунига қадар Каспий денгизи СССР ва Эрон ўртасида тенг — 50 фоиздан тақсимланган бўлган. Шунинг учун СССР ўрнида учта янги давлат пайдо бўлганидан кейин ҳам Эрон камида 20 фоиз улушга эга бўлиши керак деган қараш шаклланди.

Амалдаги ҳукуматни танқид қилувчилар айнан шу фикрга таянади.

Бироқ халқаро ҳуқуқшунослар муҳим жиҳатга эътибор қаратадилар: 1921 ва 1940 йиллардаги совет-эрон шартномаларининг ҳеч бири Каспий денгизини икки давлат ўртасида ҳудудий секторларга бўлмаган ва Эроннинг 50 фоиз улушини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамламаган.

Бу шартномалар асосан денгизда кема қатнови, балиқчилик ва иқтисодий фаолиятни тартибга солган. Улар имзоланган даврда чуқур сув қатламларида нефть ва газ қазиб олиш технологиялари ҳозиргидек ривожланмаган эди. Шу сабабли денгиз тубини тақсимлаш масаласи кун тартибида бўлмаган. Яъни гап Каспийни икки давлат ўртасида ҳудудий жиҳатдан бўлиш ҳақида эмас, балки уни биргаликда фойдаланиш режими ҳақида борган. Шу нуқтаи назардан қараганда, «Эрон Каспийнинг ярмига эгалик қилган» деган даъво юридик эмас, кўпроқ сиёсий талқин ҳисобланади.

СССР парчалангач эса вазият тубдан ўзгарди. Энди Каспий соҳилида икки эмас, бешта мустақил давлат пайдо бўлди. Бу эса аввалги ҳуқуқий механизмларнинг амалда қўлланилишини деярли имконсиз қилди. Айнан шу ҳолатни Паҳлавий тарафдорлари ва айрим сиёсатчилар кўпинча тилга олмайдилар.

«13 фоиз» рақами қаердан келиб чиққан?

Эрондаги баҳсларнинг энг ҳиссий нуқтаси -мамлакатга тегишли бўладиган сектор ҳажми ҳисобланади.

Эрон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез шундай фикр янграйди: Конвенция тўлиқ амалга кирса, мамлакат Каспийнинг атиги 13 фоизига эгалик қилиб қолади. Бу рақам Конвенция матнида ёзилмаган. У денгиз тубини модификация қилинган ўрта чизиқ тамойили асосида тақсимлаш бўйича қилинган эксперт ҳисоб-китобларига таянади. Айнан шу ёндашувни Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон қўллаб-қувватлаб келади.

Каспий соҳил чизиғининг географик хусусиятлари сабабли Эроннинг эҳтимолий сектори ҳақиқатан ҳам у талаб қилиб келган 20 фоиздан анча кичик чиқади. Кўпчилик эронликлар учун 20 фоиз ўрнига 13 фоиз рақами миллий манфаатларнинг йўқотилиши рамзига айланган. Бироқ бу ерда сиёсий интилишлар билан халқаро ҳуқуқ амалиёти ўртасидаги фарқни тушуниш муҳим.

Ҳозирги халқаро денгиз ҳуқуқида сув ҳудудлари деярли ҳеч қачон арифметик тенглик асосида тақсимланмайди. Одатда соҳил чизиғининг шакли, географияси ва давлатлар ўртасидаги масофалар ҳисобга олинади. Айнан шу қоидалар қўлланилганда Каспийнинг жанубий қисми табиий равишда Эрон учун нисбатан кичик секторни шакллантиради. Шу маънода масала Эрон ўз ҳудудини «бериб юборгани»да эмас, балки географик воқелик унинг даъвосини чеклаб қўяётганидадир.

Нега Эрон парламенти Конвенцияни ратификация қилмаяпти?

2018 йилда президент Ҳасан Руҳони Конвенцияни имзолади. Ҳукумат ҳужжатни қўллаб-қувватлади. Қолган тўрт давлат ички тартиб-таомилларни тугатди. Бироқ Эрон парламенти ҳануз якуний қарор қабул қилмаган. Бунинг бир нечта сабаби бор.

Биринчиси — ички сиёсий рақобат. Каспий мавзуси Эрон жамияти учун жуда нозик ҳисобланади. Консерватив ва миллий қарашдаги қатламлар мамлакат ҳудудий манфаатларини давлат мустақиллигининг энг муҳим рамзларидан бири деб билади. Шунинг учун ҳар қандай муроса осонлик билан «заифлик» ёки «миллий манфаатларга хиёнат» сифатида баҳоланиши мумкин. Кўплаб депутатлар ана шундай сиёсий масъулиятни зиммаларига олишни истамади. Натижада овоз беришни кечиктириш сиёсий жиҳатдан хавфсизроқ йўл бўлиб қолди.

Иккинчи сабаб — Эрондаги мураккаб ҳокимият тизими. Эроннинг сиёсий тизими кўп босқичли қарор қабул қилиш механизмига эга. Президент, парламент, Конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси, Олий раҳбар девони ва бошқа институтлар ташқи сиёсатга турлича таъсир кўрсатади. Ҳукумат маълум бир келишувни маъқуллагани унинг автоматик равишда қабул қилиниши дегани эмас. Шунинг учун ташқи сиёсатга оид кўплаб ҳужжатлар Эронда узоқ муддат муҳокама қилиниши одатий ҳол ҳисобланади.

Учинчи сабаб — тарихий хотира. Каспий масаласи Эрон тарихида алоҳида ҳиссий аҳамиятга эга. XIX асрда Форс давлати Россия билан бўлган урушларда катта ҳудудларни йўқотган. 1828 йилги Туркманчой шартномаси бугунгача мамлакатда миллий таҳқир рамзи сифатида эсга олинади. Шу сабабли Россия ёки бошқа шимолий қўшнилар билан боғлиқ ҳар қандай келишув жамоатчилик томонидан тарихий нуқтаи назардан баҳоланади. Кўпинча ғиссиёлар юридик далиллардан устун келади.

Тўртинчи сабаб — санкциялар ва халқаро босим

2018 йилда АҚШ Ядровий келишувдан чиққанидан кейин Эронга қарши санкциялар яна кучайтирилди. Мамлакат ташқи сиёсати иқтисодий чекловлар, нефть экспорти, ядровий дастур ва минтақавий можароларга кўпроқ йўналтирилди. Шу шароитда Каспий масаласи иккинчи даражали мавзулар қаторига сурилди. Натижада ратификация жараёни амалда тўхтаб қолди.

Нега Паҳлавий айнан ҳозир бу масалани кўтарди?

Сиёсатчилар, одатда, бундай мавзуларни тасодифан танламайдилар. Агар шундай баёнот беш йил аввал берилганида, эҳтимол у бу қадар катта акс-садо бермаган бўлар эди. Бугун эса вазият бутунлай бошқача.Эрон замонавий тарихидаги энг мураккаб даврлардан бирини бошдан кечирмоқда. Иқтисодий муаммолар, кўп йиллик санкциялар, ички норозиликлар ва ташқи босим мамлакатда давлат институтларига бўлган ишончни пасайтирди. Минтақавий сиёсат ҳам жиддий синовларга дуч келди. Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин Теҳроннинг таъсири сезиларли даражада қисқарди. Ливанда Эронга яқин кучларнинг мавқеи ҳам аввалгидек мустаҳкам эмас. Исроил ва АҚШ билан муносабатлар эса ҳануз юқори даражадаги таранглик билан тавсифланмоқда.

Бундай шароитда миллий суверенитет билан боғлиқ ҳар қандай масала жамоатчилик томонидан жуда ҳиссий қабул қилинади. Ризо Паҳлавий айнан шу ҳолатдан сиёсий жиҳатдан фойдаланмоқда. У жамиятга қуйидаги оддий ғояни таклиф қилмоқда: агар давлат ташқи сиёсатда позицияларини бой бераётган бўлса, демак у миллий манфаатларини ҳам ҳимоя қила олмаяпти. Бу мантиқда Каспий инқирознинг сабаби эмас, балки унинг рамзи сифатида намоён бўлади.

Янги ҳокимият Конвенцияни қайта кўриб чиқиши мумкинми?

Ризо Паҳлавийнинг танқиди фақат Эрон ички сиёсати билан чекланмайди. У келажакда демократик йўл билан шаклланадиган ҳукумат «Эрон халқи иродаси ҳисобга олинмасдан имзоланган халқаро келишувларни» тан олмаслигини айтганида, амалда нафақат Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенцияни, балки халқаро муносабатларнинг энг муҳим тамойилларидан бири — давлатларнинг халқаро мажбуриятлари узлуксизлиги принципини ҳам савол остига қўяди.

Бу баёнот биринчи қарашда кўринганидан кўра анча катта сиёсий аҳамиятга эга. У бир вақтнинг ўзида бир нечта аудиторияга қаратилган: Эрон жамиятига, хориждаги мухолифатга, қўшни давлатларга ва йирик геосиёсий ўйинчиларга. Уларнинг ҳар бири бу сўзларда турлича маъно кўради. Бу даъволар қай даражада амалий эканини тушуниш учун, аввало, халқаро ҳуқуқ давлатда ҳокимият алмашганда илгари имзоланган халқаро шартномаларга қандай муносабатда бўлишини кўриб чиқиш лозим.

Янги ҳокимият Конвенциядан воз кечиши мумкинми?

Тарихда инқилоблар ёки сиёсий режимлар алмашганидан кейин ташқи сиёсатни қайта кўриб чиқишга уринган давлатлар кўп бўлган. Бироқ халқаро ҳуқуқнинг асосий қоидаларидан бири давлатнинг ҳуқуқий давомийлиги ҳисобланади. Бу тамойилга кўра, мамлакатда ҳукумат, давлат тузуми ёки сиёсий тизим ўзгариши мумкин, аммо давлатнинг ўзи халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида сақланиб қолади ва аввал қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажаришда давом этади.

Буни Эроннинг ўзи мисолида ҳам кўриш мумкин. 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин мамлакатнинг сиёсий тизими тубдан ўзгарди. Бироқ янги ҳокимият шоҳ даврида тузилган барча халқаро шартномалардан автоматик равишда воз кечмади. Уларнинг аксарияти ўз кучини сақлаб қолди. Шунинг учун келажакда Эронда яна сиёсий ўзгаришлар юз берган тақдирда ҳам, Каспий Конвенциясидан бир томонлама воз кечиш ҳуқуқий жиҳатдан жуда мураккаб бўлади.

Нега Конвенцияни қайта кўриб чиқиш деярли имконсиз?

Ҳатто Эронда янги ҳукумат шаклланиб, Конвенцияни қайта муҳокама қилиш истагини билдирган тақдирда ҳам, у бир қатор жиддий чекловларга дуч келади.

Биринчидан, қолган тўрт давлат Конвенцияни аллақачон қабул қилган. Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон ҳужжатни ратификация қилиб бўлган. Сўнгги йилларда улар айнан шу ҳуқуқий асосга таяниб транспорт йўлаклари, энергетика лойиҳалари ва инвестиция дастурларини ривожлантирмоқда. Ҳеч бири қарийб ўттиз йил давом этган музокараларни бошидан бошлашни истамайди.

Иккинчидан, кўп томонлама шартномани бир давлатнинг ўзи ўзгартира олмайди. Конвенция беш давлат иштирокида қабул қилинган халқаро ҳужжатдир. Унинг ҳар қандай бандини ўзгартириш учун иштирокчиларнинг умумий розилиги талаб қилинади. Демак, Эроннинг якка тартибда Конвенцияни қайта ёзиш имконияти амалда мавжуд эмас.

Учинчидан, иқтисодий омил ҳам мавжуд. 2018 йилдан бери Каспий минтақасидаги мамлакатлар транспорт инфратузилмаси, портлар, нефть ва газ лойиҳаларига миллиардлаб доллар сармоя киритди. Бу инвестициялар ҳуқуқий барқарорликка асосланган. Агар Конвенция яна баҳсли ҳужжатга айланса, бутун минтақада инвестицияга қарши хавф ошади. Шунинг учун барча иштирокчилар мавжуд ҳуқуқий тартибни сақлаб қолишдан манфаатдор.

Хитой — Каспийдаги кўринмас, аммо муҳим иштирокчи

Қизиқ жиҳати, Хитой Каспий соҳилида жойлашмаган. Бироқ бу Пекиннинг минтақадаги манфаатлари йўқ дегани эмас. «Бир макон — бир йўл» ташаббуси доирасида Марказий Осиё орқали Европага чиқадиган транспорт йўлакларининг катта қисми Каспий билан боғлиқ. Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия орқали ўтувчи маршрутлар Хитой ташқи савдосининг муҳим қисмига айланмоқда. Шу сабабли Каспийда ҳуқуқий ноаниқлик пайдо бўлиши Пекин учун ҳам иқтисодий хавфларни оширади.

Хулоса

Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенция атрофидаги баҳс оддий ҳуқуқий тортишув эмас. У Эрон ичидаги сиёсий ўзгаришлар, миллий ўзлик, ташқи сиёсат ва давлат легитимлиги ҳақидаги баҳсларнинг бир қисмига айланди.

Ризо Паҳлавий Каспий мавзусини танлаши тасодифий эмас. Денгиз чегаралари бугун ўзгармаяпти. Аммо Каспий мамлакатда ҳокимиятнинг ташқи сиёсатдаги самарадорлиги ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш қобилиятини баҳолаш рамзига айланди.

Шу билан бирга, ҳуқуқий воқелик сиёсий риторикадан анча мураккаб. Конвенция Эроннинг расман тан олинган ҳудудини бошқа давлатларга бериб юбормади. У Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин юзага келган мутлақо янги геосиёсий воқеликка ҳуқуқий ечим таклиф қилди. Бу идеал ечим эмас эди, аммо қарийб ўттиз йиллик баҳсларга нуқта қўйган муроса бўлди.

Бироқ ҳуқуқий мантиқ ҳар доим ҳам сиёсий баҳсларни тугатмайди. Эрон жамиятининг бир қисми учун Каспий масаласи давлат миллий манфаатларни қай даражада ҳимоя қилаётганининг мезонига айланди. Шу маънода Конвенция халқаро шартномадан кўра кўпроқ ички сиёсий кураш қуролига айланмоқда.

Энг эҳтимолий сценарий шуки, ҳатто Эронда ҳокимият алмашган тақдирда ҳам мамлакат Каспийнинг ҳуқуқий режимига бир томонлама кескин ўзгартиш кирита олмайди. Бироқ бу баҳс тўхтаб қолмайди. Аксинча, «Шимол–Жануб» халқаро транспорт йўлаги, Транскаспий маршрути, Хитойнинг «Бир макон — бир йўл» ташаббуси ва Евроосиёдаги геосиёсий рақобат кучайган сари Каспийнинг аҳамияти янада ортиб боради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Ризо Паҳлавийнинг баёноти фақат денгиз ҳақида эмас. У Эроннинг келажаги, давлат ҳокимиятининг легитимлиги ва мамлакат XXI асрнинг янги геосиёсий тартибида қандай ўрин эгаллаши ҳақидаги баҳснинг бир қисми ҳисобланади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid