Ғарбга қарши риторика соҳиблари нега Ғарбда яшайди?
Ушбу ҳодисалар авторитар тузумлардаги пропаганда аслида халққа қаратилгани, элита эса ўзгача қонун ва қоидалар ҳамда мафкура билан яшашини ошкор қилади.

Сиёсий элиталарнинг қариндошлари Ғарбда яшаши, даволаниши, ўқиши ёки ишлаши ҳақидаги ҳикоялар жамоатчиликда доимий резонанс уйғотади. Яқинда Эроннинг энг аксиламерика кайфиятидаги элитаси вакили, марҳум генерал Қосим Сулаймонийнинг қариндоши АҚШда яшаб келгани ва депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар интернетни ларзага солди. Қандай қилиб Американи йўқ қилишга бел боғлаган ҳарбийнинг авлодлари АҚШдек “чириган” Ғарб давлатидан паноҳ топишган?
Аслида бундай ҳолатлар кам эмас. Бу барқарор тарихий ва ижтимоий намуна бўлиб, Эрондан тортиб собиқ СССР ва ҳозирги Россияга қадар кузатилади.
Нега Сулаймонийнинг неварасини депортация қилишмоқчи?
Янги маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати Эрон режими тарғиботчиси сифатида танилган эронлик оила аъзоларига берилган грин-карта мақомини бекор қилган ва уларни ҳибсга олган. Саййид Исо Ҳошимий, Марям Таҳмосебий ва уларнинг ўғли АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) томонидан депортация олдидан ҳибсга олингани айтилади. Ҳошимий ва унинг рафиқаси Лос-Анжелесдаги Чикаго мактабида профессор лавозимида ишлаган.
Ҳошимий – Масъум Ибтикорнинг ўғли бўлиб, у 1979 йилда Теҳрондаги АҚШ элчихонасини босиб олган ва 52 америкаликни бир йилдан ортиқ гаровда ушлаган талабалар гуруҳи вакили сифатида илк бор жаҳон эътиборига тушган эронлик сиёсатчи ҳисобланади. Ибтикор сиёсатда тез кўтарилиб, 2017-2021 йилларда аёллар ва оила масалалари бўйича вице-президент лавозимида ишлаган. Шунингдек, у икки марта мамлакат экология вазирлигини бошқарган.
АҚШ давлат департаменти маълумотига кўра, Ҳошимий ва унинг оиласи 2014 йилда берилган виза орқали АҚШга борган. 2016 йилда улар Diversity Immigrant Visa Program орқали грин-карта олган. Маълумот учун, бу дастур 2015 йил декабрида ва 2025 йилда Трамп маъмурияти томонидан вақтинча тўхтатилган эди.
Ибтикор оиласи Трамп маъмурияти томонидан депортация қилинган, Эрон билан боғлиқ бир нечта оилалардан биридир. Марҳум Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали, Сурияда диктатор Башар Асадни ҳимоя қилиб, ўн минглаб сунний мусулмонлар ўлимига сабабчи бўлган генерал, Трамп президентлигининг биринчи даврида дрон зарбаси натижасида ҳалок бўлган марҳум Қосим Сулаймонийнинг жияни ва набира жияни шу ой бошида ҳибсга олинган. Уларнинг доимий резидентлик мақоми бекор қилинганидан кейин Лос-Анжелесда яшаб келаётган Ҳамида Сулаймоний Афшор ва унинг қизи ICE томонидан қўлга олинган.
“Матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, Сулаймоний Афшор Эрондаги тоталитар террористик режимни очиқ қўллаб-қувватлайди”, дейилади АҚШ давлат департаменти баёнотида.
Давлат департаменти шунингдек Эрон олий миллий хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Али Ларижонийнинг қизи Фотима Ардашер-Ларижоний ва унинг турмуш ўртоғининг ҳуқуқий мақомини бекор қилган ва улар энди АҚШда эмаслиги айтилган.
Шунингдек, Эрон миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Али Шамхоний авлодлари, Эрон парламентининг собиқ спикери Али Ларижонийнинг ака-укалари ва қариндошлари ҳақида Ғарб ва Эрон матбуотида бир неча бор ёзилиб, уларнинг фарзандлари АҚШ ва Европада яшаши ёки таълим олаётгани қайд этилган.
Эрон собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифнинг қариндошлари ҳам ўз ҳаётларини Ғарбда қуришни афзал кўришган. Жумладан, 2025 йил март ойида Зариф стратегик масалалар бўйича Эрон вице-президенти лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида хабар берилган. Бунга унинг икки фарзанди АҚШ фуқаролигига эга экани сабаб деб кўрсатилган. Эрон қонунчилигига кўра, стратегик лавозимдаги шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари икки фуқароликка эга бўлиши мумкин эмас. Зарифнинг фарзандлари АҚШда таълим олган, бу ҳолат эса Эронда ҳам, халқаро матбуотда ҳам бир неча бор сиёсий баҳс ва танқидлар мавзусига айланган.
СССР: совет номенклатурасининг Ғарбдаги ҳаёти
Маълумотларга кўра, доим Ғарбни ёмонлаб, унга қарши курашиб келган тизим асосчиси, коммунист-болшевиклар “доҳийси” Владимир Ленин авлодларининг деярли барчаси (отаси томонидан унинг онаси Александра Бланк орқали) ҳозир Швеция ва АҚШда яшайди.
СССРнинг илк раҳбарларидан бири Иосиф Сталиннинг катта ўғли Яков Жугашвилининг қизи Галина жазоирлик фуқарога турмушга чиқиб, ундан Салим исмли ўғил кўрган. Сталиннинг невараси, Яков Жугашвилининг набираси режиссёр Виссарион Жугашвили Ню-Йоркка кўчиб ўтган. Яна бир набираси Крис Эванс АҚШнинг Портленд шаҳрида яшайди ва рус тилини билмайди.
Бундан ташқари, Сталиндан кейинги раҳбар Никита Хрушчёвнинг набираси Нина узоқ йиллардан бери АҚШда яшайди ва ўз чиқишларида Қримнинг босиб олинганини кескин танқид қилиб келади. Бу борада у Хрушчёвнинг кичик ўғли Сергей билан мутлақо қарама-қарши фикрда. Дарвоқе, Сергей ҳам АҚШда яшайди.
Леонид Брежневнинг неваралари (ўғли Андрей орқали) Дмитрий ва Леонид Оксфорд университетини тамомлаган. Уларнинг бири ватанига қайтган, иккинчиси эса Англияда қолган. Брежневнинг жияни Любов Брежнева АҚШнинг Калифорния штатида яшайди ва турли мемуарлар ёзади, улар Америка нашриётларида чоп этилган.
СССРнинг биринчи ва ягона президенти Михаил Горбачёвнинг ҳам қариндошлари Ғарбда яшайди: унинг қизи Ирина АҚШда, катта набираси Ксения эса Германияда истиқомат қилади.
Россиялик “ватанпарвар” амалдорларнинг фарзандлари
Россиялик амалдорлар ҳам Ғарбга мағзава ағдариб, унга қарши курашаётган бўлса-да, айримлари ҳамда уларнинг фарзандлари Россияни эмас, Ғарб давлатларини маъқул кўришади негадир.
Айрим маълумотларга кўра, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қизи Лиза Пескова Францияда маркетинг ва бизнес институтида таҳсил олган. 2016 йил баҳорида у Instagram’да катта пост эълон қилиб, Россия таълим тизимини қаттиқ танқид қилган.
Собиқ сенатор Елена Мизулинанинг ўғли Николай Мизулин Берн ва Оксфорд университетларини тамомлаган, испаниялик аёлга уйланган ва Белгияда яшайди. Шунингдек, 2013 йилда у йирик халқаро ҳуқуқ фирмаси Mayer Brown’да ҳамкорлар қаторида бўлган – бу компания расман ЛГБТ тармоқларини қўллаб-қувватловчи ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи Екатерина Лаврова Лондон иқтисодиёт мактабида таҳсил олган.
Россия президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқлари бўйича собиқ ваколатли вакил Павел Астаховнинг катта ўғли Антон Астахов отаси давлатда юқори лавозимда ишлаган пайтда Оксфорд коллежи ва Ню-Йорк иқтисодиёт мактабида таҳсил олган.
Собиқ Россия таълим вазири Александр Фурсенконинг ўғли ҳам АҚШда ўқиган. У 2001 йилда New York University – АҚШнинг энг яхши хусусий университетларидан бирида бакалавр даражасини олган. Кейин эса Stanford University’да юридик таълим олган ва 2005 йилда битирган. Университетни тугатгач, адвокатлик фаолияти учун лицензия олган.
Марҳум Владимир Жириновскийнинг набиралари Сергей ва Александр Швейцария мактабида таҳсил олади. Уларнинг ота-оналари фарзандларининг яхши ўқиши учун таълим муассасасига йирик хайриялар қилишади.
Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг ўғли Андрей оиласи билан Венгрияда яшаш учун доимий яшаш рухсатномаси олиш учун ҳужжат топширганида матбуот назарига тушган. Бу мақсадда у Венгрия облигацияларига 300 минг евро инвестиция киритган, қўшимча равишда 60 минг евро тўлов қилгани айтилади.
Россия пропагандаси рупорларидан бири, “Россия” телеканалида ишлаган ва бир қатор расмий жамоат кенгашлари аъзоси бўлган Сергей Брилёв 2001 йилдан бери Буюк Британия фуқаросига эга экани айтилган.
Унинг рафиқаси Ирина 2016 йилдан Лондондаги 700 минг фунт қийматдаги квартирага эгалик қилади ва у ҳам Буюк Британия фуқароси ҳисобланади.
Яна бир рус пропагандаси рупори Владимир Соловёв эса Италиянинг Комо кўли яқинида вилласи борлиги ва у ерда яшаш ҳуқуқига эга экани ҳақида маълумотлар мавжуд. 2023 йилда ОАВларда унинг ўғли Даниил Лондонда яшаши ва модел экани ҳақида маълуомтлар тарқалди.
Россия ҳукумати собиқ биринчи ўринбосари Игор Шувалов Австрияда 1480 м² майдонли қаср, Дубайда вилла, Буюк Британияда катта хонадонга эгалик қилиши ҳақида ёзилган.
Россия давлат думаси собиқ биринчи ўринбосари ва Россия олимпия қўмитаси собиқ раҳбари Александр Жуковнинг ўғли Пётр Ню-Йорк ва Лондонда яшаган. У Буюк Британияда бир фуқарога ҳужум қилгани учун 14 ой қамоқ ва 7500 фунт жаримага ҳукм қилингани ҳақида хабарлар мавжуд.
Шунингдек, Россиянинг БМТдаги собиқ вакили, марҳум Василий Небензянинг хотини ва фарзандлари ҳам яшаш ва ишлаш учун АҚШни танлашган.
Хулоса
Қосим Сулаймонийнинг қариндоши билан боғлиқ ҳодиса – анча кенг кўламли манзарадаги фақат бир кичик эпизод холос. Лекин бу ҳодисалар авторитар тузумлардаги пропаганда аслида халққа қаратилгани, элита эса ўзгача қонун ва қоидалар ҳамда мафкура билан яшашини ошкор қилади. Масалан, Шимолий Кореяда Ғарб яратган техника ва комфорт ҳаёт неъматлари халқ учун тақиқланган (Ғарбнинг заҳарли мероси сифатида), аммо элитанинг ўзи бу неъматлардан бажонидил фойдаланади. Ким Чен Ирнинг отаси ҳам халқ очликдан қирилаётган пайтда ҳар куни оқшомда шишаси 15 минг доллар турадиган шароб ичишликни канда қилмаган ва ҳоказо.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, идеология кўп ҳолларда умумий ҳаёт тарзини белгилаш воситаси бўлиб хизмат қилади, аммо элиталарнинг шахсий стратегияси ва истеъмоли глобал реалликка мослашган ҳолда шаклланади.
Абулфайз Сайидасқаров
