platina.uz
Таҳлил

Эронга ҳужум қилишлари мумкинми?

Агар Эрон АҚШ ва Исроилнинг талабларига бўйсуниб, “ақлли бола” бўлишга кўнса, қанотли ракеталари ва ядровий дастуридан воз кечишига тўғри келади. Лекин бундай ёнбосиш Эроннинг қудратини пасайтиради. Ҳеч қачон ваъдасида турмайдиган Исроил учун бу айни муддао бўлади.

Эронга ҳужум қилишлари мумкинми?
Фотоколлаж: Platina.uz

Жорий йилнинг 17 феврал куни АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича музокараларнинг иккинчи раунди якунланди. Қайд этилишича, делегациялар учрашув жойи – Женевадаги Уммон элчихонасини тарк этган.

Аввалроқ Эрон делегацияси Ислом республикасининг ядровий дастури бўйича АҚШ билан якуний келишувга эришиш учун Женевада бир неча кун ёки ҳатто ҳафталар қолишга тайёр эканини билдирган эди. “Вақт биз учун жуда муҳим ва ушбу босқич ниҳоятда нозик ҳамда тақдирий аҳамиятга эга”, деган ТИВ матбуот котиби Бекаи. “Бизнинг ўз техник экспертларимиз, шунингдек, санкцияларни бекор қилиш бўйича мутахассисларимиз бор. Сўнггиси ядровий масала бўйича ҳар қандай келишувнинг ажралмас қисми ҳисобланади”, дея таъкидлаган эди ТИВ вакили.

Илк тафсилотлар

Ҳар икки томон дипломатлари Женевадаги 2-раунд музокаралар конструктив ўтганини таъкидлашди. Теҳрон аввал қайсарлик қилган бир қатор позицияларда ён беришга мажбур бўлган.

Жумладан, Эрон расмийлари уранни бойитишни вақтинча тўхтатиш, захираларнинг бир қисмини хорижга кўчириш ҳамда АҚШ билан бизнес келишувлар тузиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу қадам АҚШнинг эҳтимолий зарбасининг олдини олиши мумкин бўлган ядровий музокараларни тўхтатмаслик мақсадида қўйилган, дея хабар берди The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб.

Америкалик ва эронлик дипломатларнинг сўзларига кўра, Эрон юқори даражада бойитилган уран захираларининг бир қисмини Россияга юборишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, эронликлар уранни бойитишни уч йилгача бўлган муддатга тўхтатишга розилик берган.

Маълумки, 2025 йил июн ойидаги АҚШ зарбалари мамлакатнинг асосий ядровий объектларини ишдан чиқарганидан сўнг, Теҳрон уран бойитишни тўхтатган эди.

Дипломатларнинг айтишича, 6 феврал куни Женевада бўлиб ўтган 1-раунд музокаралари – илк учрашувда Эрон бойитилган урандан ёқилғи пластиналари ишлаб чиқариш бўйича минтақавий консорциум тузиш таклифини ҳам илгари сурган эди. Ҳозирча Ислом республикаси ишлаб чиқариш жараёнини мамлакат ичида сақлаб қолишни талаб этмоқда, бу эса АҚШ учун қабул қилиб бўлмас шарт ҳисобланади.

Нега музокаралар муҳим?

Аввалроқ Эрон ТИВ раҳбари Аббос Арақчи МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гросси билан учрашувда “адолатли ва мувозанатли келишув”га эришиш учун “реал ғоялар” билан келганини ва босим остида ён бериш нияти йўқлигини билдирган. Бироқ реал вазиятда реал ғоялар ҳам эврилишга учраши аён бўлди.

АҚШ етакчиси Доналд Трамп эса “Эрон биз билан келишувга эришмоқчи. Менимча, улар келишувга эришмасликнинг оқибатларини хоҳламайдилар”, деган эди. Шунингдек, Трамп журналистнинг “Женевада бўлиб ўтадиган Эрон билан музокаралардан нимани кутяпсиз?”, деган саволига “Мен бу музокараларда билвосита иштирок этаман ва улар жуда муҳим. Кўрамиз, нима бўлишини. Эрон одатда жуда қаттиқ музокарачи. Мен уларни ёмон музокарачилар деб айтардим, чунки биз уларнинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш учун B-2 юбориш ўрнига келишувга эришишимиз мумкин эди. Агар B-2 юборишимиз керак бўлса, умид қиламанки, оқилона йўл тутарди. Улар келишувга эришмоқчи”, дея жавоб берган.

АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни Эрон билан ядровий муаммо бўйича ўтган музокараларда “билвосита” иштирок этишини маълум қилган эди. Ушбу музокараларда Вашингтон номидан унинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда куёви Жаред Кушнер қатнашди.

Музокаралар АҚШ босими остида ўтмоқда

2026 йил феврал ойида Эрон ва Халқаро атом энергияси агентлиги вакиллари Женевада учрашиб, АҚШ билан музокаралардан олдинги шартларни муҳокама қилишган эди. Эрон ядровий дастурда чекловлар эвазига санкциялар олиб ташланишини талаб қилмоқда. АҚШ эса уран бойитишни тўхтатиш ва инфратузилмани демонтаж қилишни сўраяпти. Теҳрон ўз ядровий дастурининг тинч мақсадли эканини таъкидлаб, “таслим” бўлишга тайёр эмаслигини айтмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса музокаралар Эроннинг ядровий инфратузилмасини тўлиқ йўқ қилишни назарда тутиши кераклигини таъкидлайди, бу ҳаракатлар фақат бойитишни тўхтатиш билан чекланмаслик лозим.

Бироқ тан олиш керак, ҳозирги АҚШ-Эрон музокаралари гўёки чеккасига тўппонча тиралган одам билан ўтказилаётган суҳбатга ўхшайди. Американинг Эрон “тумшуғига” тираб қўйилган ҳарбий денгиз кучлари ва Трампнинг уруш билан таҳдид солишлари ана шу тўппонча вазифасини ўтаяпти.

Оятуллонинг дағдағалари иш берадими?

Эрон ташқи ишлар вазири ва президенти Америка билан муросага уринаётган бир пайтда, кексайиб қолган Оятулло Ҳоманаий похол дўқлари ва дағдағаларини тўхтатмаяпти. Али Хоманаий минтақага келган АҚШ кемаларини “чўктириш” билан таҳдид қилган.

Женевада Вашингтон ва Теҳрон дипломатлари курашаётган бир пайтда, Эронда олий раҳбари Али Хоманаий Шарқий Озарбайжон вилояти аҳолиси билан учрашди. У ўз нутқида мамлакатдаги намойишлар пайтидаги тўқнашувларда “тўкилган қон учун қайғураётгани ва мотам тутаётгани”ни билдирди.

Шунингдек, олий раҳбар яна бир бор Доналд Трампга таҳдид қилиб, минтақага келган АҚШ кемаларини “чўктириши” мумкинлигини айтди.

“АҚШ президенти доимо армиямиз дунёдаги энг кучли армия деб гапиради. Энг кучли армия ҳам баъзан шундай зарба олиши мумкинки, ўрнидан тура олмай қолади. Улар доимо Эрон томон авиаташувчи кемалар юборганини айтади. Авиаташувчи, албатта, хавфли, аммо авиаташувчидан ҳам хавфлироқ нарса – уни денгиз тубига чўктириш мумкин бўлган қуролдир”, деган кекса раҳнамо.

Аввалроқ эса Эрон денгиздаги Америка кемаларига дрон жўнатган эди. Феврал ойининг 3-санасида АҚШ ҳарбийлари Араб денгизида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли USS Abraham Lincoln авиаташувчи кемасига яқинлашган Эрон дронини уриб туширди. Reuters маълумотига кўра, Shahed-139 русумли эрон учувчисиз аппарати авиаташувчи томон ҳаракатланган ва АҚШнинг F-35 Lightning II қирувчи самолёти томонидан йўқ қилинган.

Шунингдек, Эрон ҳарбий қайиқлари Ормуз бўғозида АҚШ байроғи остидаги танкерга яқинлашиб, кемани тўхтатишни талаб қилган. Британиянинг Vanguard Tech денгиз хавфсизлиги компанияси хабар беришича, бўғоз орқали ўтаётган пайтда Stena Imperative кемасига ислом инқилоби қўриқчилари корпусига қарашли олти нафар қуролланган қайиқ яқинлашган. Эрон томони кема капитанига двигателларни тўхтатиб, текширувга тайёргарлик кўришни буюрган, аммо танкер тезликни ошириб, йўналишини сақлаб қолган.

Бундай самарасиз провокациялар билан Оятулло режими нимага эришмоқчи, тушунарсиз. Аммо шуниси аниқки, кексайиб қолган Ҳоманаий учун натижа қизиқ эмасдек кўринади. Тахминларга кўра, агар Эрон уруш олови ичида қолса-ю, Оятулло ўлдирилса, ўзини шаҳид бўлади деб ҳисоблайди. Агар вазият урушгача етиб бормаса, қўрқмас етакчи сифатида халқ орасида обрўси ошади.

Шу боис айни пайтда – Исроил ва АҚШ урушга шайланиб турган нозик бир вазиятда Теҳрон ва Вашингтон ўртасида ядровий келишувга эришиш бўйича музокаралар Эроннинг, аниқроғи, Оятулло режимининг тақдирини белгилашини ҳар икки тараф ҳам яхши тушуниб турибди. Лекин ижрочи ҳокимият – президент ва ташқи ишлар вазирлиги муросага уринаётган бир пайтда олий раҳмнамо “ўйин”ни бузишдан бошқа таъсир қилмаяпти.

Хавфли вазият

Вазият эса жуда хавфли. Агар Эрон АҚШ ва Исроилнинг талабларига бўйсуниб, “ақлли бола” бўлишга рози бўлса, қанотли ракеталари ва ядровий дастуридан воз кечишга тўғри келади.

Лекин таёқнинг икки учи бор: бундай ёнбосиш Эроннинг қудратини пасайтиради. Ҳеч қачон ваъдасида турмайдиган ва истаган пайтда келишув ва шартномаларни бузиши билан ном қозонган Исроил учун бу айни муддао бўлади. Демакки, исталган пайтда Исроил кучсизланиб қолган Эронга яна ҳужум қилиши мумкин.

Бироқ Теҳрон жасурлик, аниқроғи, қайсарлик қилиб, ўз позициясида қатъий туриб олса, ён босишларга кўнмаса, Трамп ва Нетаняҳуга босқин учун баҳона топилади. Буни АҚШ етакчиси ҳам очиқ айтмоқда.

Доналд Трамп Эрон билан музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Вашингтон ҳарбий ҳаракатларга ўтишга тайёр эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолат ўтган йил июн ойидаги 12 кунлик уруш чоғида ҳам кузатилган. Исроил телевидениесининг 12-каналига берган интервюсида у дипломатик ечимни афзал кўришини таъкидлади, лекин огоҳлантирди: “Ё биз келишувга эришамиз, ёки жуда кескин чоралар кўришга мажбур бўламиз”.

Трамп Яқин Шарқда АҚШ ҳарбий иштирокини янада кучайтириш имкониятини, жумладан, яна бир авиаташувчини зарба гуруҳи билан юборишни кўриб чиқаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу Уммонда қайта тикланган америкалик-эронлик музокаралар фонида Теҳронга босим омили бўлиши керак.

Оқ уйда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан бўлажак учрашувга изоҳ берар экан, Трамп Исроил раҳбари ҳам Эрон билан келишувга эришишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Эронга ҳужум бўлиш эҳтимоли қанчалик юқори?

Трамп ваъда бераётганидек, агар Эрон муроса йўлини танламаса, ҳужум эҳтимоли 100 фоиз бўлади. Хўш, бундай шароитда АҚШ томони қандай сценарийларга кўра ҳаракат қилиши мумкин?

Ҳужум сценарийлари

Эронга ҳужум сценарийларини шартли равишда сиёсий, гибрид ва ошкора ҳарбий турларга бўлиш мумкин. Уларнинг ҳар бири ўз хатарлари ва оқибатларига эга, албатта.

Ҳаводан зарба бериш (стратегик авиазарбалар)

Бу классик сценарий ҳисобланади. Ўтган йили АҚШ ва Исроил гуруҳлари авиазарбалар билан ядровий объектларни йўқ қилишга уринган эди. Бундай зарбалар ядровий дастур тараққиётини кечиктириши мумкин, аммо тўлиқ бартараф қила олмайди, Эроннинг тезкор ва кенг қамровли жавоб эҳтимоли ҳам мавжуд.

Хатарлар сифатида эса АҚШ иттифоқчилари ва минтақадаги объектларга – Америка ҳарбий базаларига ракета зарбалари берилиши, бошқа давлатларнинг – Сурия, Ироқ ва Ливаннинг можарога аралашишга мажбур бўлишини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, нефт бозори ва глобал иқтисодиётда мавжуд мувозанат бузилишига гувоҳ бўламиз.

Қуролли амалиёт ва “режимни ағдариш”

Бу энг кам эҳтимолли, аммо энг вайронкор сценарий. Экспертларнинг таъкидлашича, Эрондаги режим ағдарилиши учун катта миқдорда қўшин ва узоқ муддатли босқин талаб қилинади. Бундай сценарий АҚШ манфаатларига ва кутилмаларига мос келмайди. Трамп маъмурияти худди Венесуэладаги каби камчиқим ва кам вақт талаб қилинадиган операция устида бош қотираётгани эҳтимолдан холи эмас.

Бу сценарий муваффақиятли оширилишга тўсқинлик қилувчи омиллар ҳам мавжуд. Гарчи ўтган йилги АҚШ ва Исроил зарбаларидан кейин Эрон ҳаводан мудофаа тизими деярли ишдан чиққани, узоқ масофага уча оладиган ракеталар захираси камайганига қарамасдан, Эронда ҳамон катта мудофаа имкониятлари мавжуд. Россиядан яқинда сотиб олинган шундай тизимлар, Хитойдан олинаётган эҳтимолий ҳарбий-техникавий ёрдам Теҳронга яна ўз кучини тиклаб олишига ёрдам бериши табиий.

Шу билан бирга Яқин Шарқ минтақасидаги эронпараст шиа прокси гуруҳлари, хусусан, Ҳизбуллоҳ жангарилари ҳам можарода Эронга кўмакка келиши кутилмоқда. Шу боис, Эрон ва АҚШ қўяётган талабларда бундай проксигуруҳларни қўллаб-қувватлашни бас қилиш жиҳатига алоҳида урғу берилади.

Гибрид ва махсус операциялар

Айни вазиятда долзарб бўладиган амалиётда энг реал вариантлар – инфратузилмага киберхужумлар, дронлар ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилиш, муҳим объектларга диверсиялар – қўпорувчилик ҳаракатларини уюштириш бўлади. Қолаверса, Исроилнинг кенг кўламли жосуслик тармоғи ва агентларига ҳам Эрон ҳукуматига қарши куч сифатида қараш талаб этилади. Бу усуллар босим ўтказишга имкон беради, очиқ урушга ўтмайди, аммо можаронинг эскалация хатарини оширади.

Эрондаги ички омиллар

Айни кунларда эса Эрон ички инқирозни бошдан кечирмоқда: иқтисодий қийинчиликлар, норозилик намойишлари, энергия ресурслари ва санкциялар таъсири режимга босимни кучайтирмоқда. Бу омиллар ҳукуматни заифлаштириши мумкин, лекин уларнинг нотўғри ҳаракатлари режимни янада қатъийлаштириши ҳам мумкин.

Аввалбошда АҚШ бу ички исёнкорлик ҳаракатларига умид боғлаган эди. Аммо Эрон ҳукумати норози қатламлар билан муроса қилиб ўтирмади, турли ҳисобларга кўра, 20 минггача эронлик ўлдирилди ёки қамоққа ташланди. Мамлакатда интернетнинг ва мобил алоқанинг аввал чекланиб, кейин ўчириб қўйилгани ҳам исёнкорлик ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришга халақит берди ва намойишлар секин-аста сўниб қолди.

АҚШ давлат департаментининг биргина январ ойида қарийб 7000 та Starlink интернет терминалларини сотиб олиб, Эронга жўнатгани ҳам вазиятни ўзгартира олмади. Аммо улар ишдан чиқарилмаган бўлса, яқин истиқболдаги кўча намойишларида одамларга ёрдам бериши мумкин. Бироқ Эрон ҳукумати бунинг йўлини топди. Эрон ҳарбийлари радиоэлектрон кураш воситаларини ишга солиб, Старлинк терминалларининг сунъий йўлдошлар билан боғланиш тўлқинларини бўғиб қўя олди. Бу эса терминаларнинг иш самарасини қарийб 80-90 фоизга камайтирди.

Яъни ижтимоий нотинчлик режимни заифлаштириши мумкин, лекин бу унинг реакциясини қўпол ва ноаниқ ўзанга йўналтириши ҳам мумкин. Шу боис АҚШ ва Исроил кейинги босқичларда самарасиз восита сифатида намойишчиларга таянмаслиги мумкин.

Яна бир мулоҳаза: ўтган йилги ракета ва авиазарбалар оқибатида Эронда яна бир феномен кузатилди. Ғарб Оятулло режимидан безиган халқ унга қарши чиқишини кутган эди. Бироқ бунинг акси бўлиб чиқди: аҳолининг турли қатламлари, ҳатто режимга мухолиф қатламлар ҳам ягона рақиб қаршисида бирлаша олди. Демакки, миллий ғурур ва аҳоли мобилизацияси АҚШ-Исроил хуружига қарши тура олувчи омилга айланиши эҳтимолдан холи эмас.

Минтақавий ва халқаро таъсирлар

Эроннинг шериклари ва рақиблари роли аҳамиятга молик. Масалан, Россия ва Хитой Теҳрон билан стратегик ҳамкорликни давом эттирмоқда, можарони ҳал қилишнинг дипломатик йўлларини қўллаб-қувватлайди, бу эса очиқ уруш эҳтимолини камайтиради.

Саудия Арабистони ва қўшни давлатлар зимдан АҚШнинг Эроннинг попугини пасайтириш ҳаракатларига хайрихоҳлиқ қилади. Яқинда ошкор бўлган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони Эронни ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблайди ва уни жиловлаш тарафдоридир. Масалан, Саудия Яманда хусийлар, Сурияда шиа прокси гуруҳларининг Эрон билан алоқасини чеклашга уриниб келмоқда. Ар-Риёд, шунингдек, Эрондан санкциялар олиб ташланишини ҳам истамайди.

Бироқ Туркия ва Покистон каби қудратли сунний давлатлар Эронга ҳужумни қоралаб чиқишди, Вашингтонни бунга кўндиришга ҳаракат қилишмоқда. Бунинг учун ўтган ҳафта Эрон президенти Пезешкиён омма олдидаги чиқишларидан бирида бу давлатларга алоҳида миннатдорлик ҳам билдирди.

Эронга қарши таҳдид потенциалига эга кучлардан бири – минтақадаги, хусусан, Ироқдаги курдларни уюштириб, қуроллантириб, Эронга қарши гиж-гижлаш сценарийлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ улар эвазига Курдистон давлатини тузиш, ҳеч бўлмаганда курд мухториятига эришишни АҚШ олдига шарт қилиб қўйиши мумкин.

АҚШ эса бунинг уддасидан чиқиш эҳтимоли паст. Қолаверса, Туркия курдларнинг “кучайиши”га жим қараб турмайди. Ҳатто 62-Мюнхен конференциясига курд раҳбарияти чақирилгани учун Туркия унда қатнашишдан бош тортди.

Умумлаштириб айтганда, ҳозирда минтақавий динамика мураккаб, гуруҳларнинг манфаатлари ҳамоҳанг эмас ва Эрон атрофидаги можаро кўпқатламли характерга эга.

Ҳужум эҳтимолини баҳолаш

Ҳозирда энг реал таҳдид – авиазарбалар ва гибрид операциялар бўлиб турибди. Айниқса, ядровий дастур бўйича музокаралар натижа бермаса, Эронга ҳужум қилиниши аниқ бўлиб қолади. Қолаверса, Исроилнинг ҳам “қиличи қонсираган”. Тел-Авив ҳатто АҚШдан рухсат олмасдан, Эронга ракета зарбалари йўллаш ва уни тамомила маҳв этиш билан қўрқитмоқда.

Исроил армияси – ЦАХАЛ бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эйл Замирнинг айтишича, АҚШнинг Эронга ҳужуми яқин 2 ҳафтадан – 2 ой оралиғида рўй бериши мумкин.

Бироқ қуруқлик орқали қуролли ҳужум ёки режимни ағдариш эҳтимоли паст. Зеро бу катта харажат ва эскалация хатарларига олиб келади.

Дипломатик ҳаракатлар ва халқаро воситачиларнинг иштироки катта урушдан ҳали қочиш имкони борлигини кўрсатмоқда, аммо музокаралар боши берк кўчага кириб қолса, ҳарбий сценарийлар имконияти сезиларли даражада ошади.

Хулоса

Нафсиламбирини айтганда, гарчи АҚШ денгиз ва ҳаводаги қўшинларини Эрон атрофида жамлаётган бўлса-да, ҳужум яқин орада амалга оширилмаслиги, Трамп эса унга хос босим ва таҳдид тактикасини қўллаб, ўзи истаган ёнбосишларга эришиши мумкин.

Лекин ҳужум рўй берса, энг эҳтимоли катта сценарий: муҳим объектларга авиазарбалар ва гибрид операциялар ҳамда иқтисодий босим ва санкциялар кўринишида амалга оширилади.

Кам эҳтимолли сценарийда эса кенг қамровли қуруқлик орқали бостириб кириш ёки режимни ағдаришга уриниш амалга ошади.

Асосий хатар омиллари – ядровий дастур бўйича музокараларнинг муваффақиятсиз тугаши, минтақавий низоларнинг эскалацияси, Эроннинг жавоб чоралари ва бошқа шерикларнинг урушга кириши бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, дипломатия ҳозирча ҳал қилувчи рол ўйнаяпти. Агар АҚШ ва Эрон ядровий дастур бўйича келишувга эриша олса, ҳужум хавфи сезиларли даражада камаяди; муваффақиятсиз бўлса, ҳарбий сценарийларнинг эҳтимоли ошади.

Айни кунларда Эрон урушга тайёргарликни, иттифоқчилар билан муносабатларни янада яхшилашни унутгани йўқ. Жумладан, Россия, Эрон ва Хитой Ормуз бўғозида ҳарбий машқлар ўтказмоқчи.

Уч давлат “Денгиз хавфсизлик камари – 2026” қўшма машқларида иштирок этиш учун ўз кемаларини юборди. Машқлар Ормуз бўғозида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Николай Патрушев маълум қилди. Феврал ойи охирида ўтказиладиган саккизинчи машқларда Эрон ҳарбий-денгиз кучлари ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, шунингдек, Хитой ва Россия ҳарбий-денгиз кучлари иштирок этади.

Ушбу машқлар 2019 йилдан буён Ислом республикаси ҳарбий-денгиз кучлари ташаббуси билан ўтказиб келинмоқда. Улар жаҳон денгиз савдоси хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, қўлланмаларга қарши курашиш, денгиз терроризмига қарши чоралар кўриш ва қутқарув операцияларини ўтказишни ўз ичига олади, дейилади расмий баёнотларда.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid