Эрон янги жаҳон тартибининг чегараларини қандай ўзгартирмоқда?
Ўрта асрларда ҳам аввалига “ҳамма – ҳаммага қарши” тамойили устун бўлган чангалзор қонунлари амал қилган. Ўзаро тинимсиз урушлар натижасида кучли давлатлар пайдо бўлиб, бошқа давлатлар ана шу кучлилар атрофида уюша бошлаган.

Жаҳон шундай даврга кириб келдики, Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган дунё тартиботи буткул ўзгариб кетди. Яна аввалги давр – “кучлилар доим ҳақ” деган тамойилга аста-секин кўникиб боряпмиз.
Бу аслида табиий жараён. Ўрта асрларда ҳам халқаро муносабатларда аввалига “ҳамма – ҳаммага қарши” тамойили устун бўлган чангалзор қонунлари амал қиларди. Ўзаро тинимсиз урушлар натижасида ниҳоят кучли давлатлар пайдо бўлиб, бошқа давлатлар ана шу кучлилар атрофида уюша бошлади. Ниҳоят тинимсиз урушлардан чарчаган давлатлар ўзаро келишишга, ўзаро суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишга, ички ишларга аралашмасликка келишиб олишди.
Шу пайтгача келишилган ўйин қоидаларини биринчи бўлиб 2014 йилда Россия бузган эди. Москва Украинага тегишли Қрим ярим оролини сурбетларча босиб олиб, ҳудудий яхлитлик тамоийлини йўққа чиқарди. Бу қадам халқаро муносабатлар тизимида ёмон, аммо юқумли прецедент яратди.
Бундан илҳомланган Доналд Трамп эса жаҳонда кўплаб халқаро ҳуқуқ бузилишлари занжирига асос солди. Венесуэладаги воқеалар, шу кунларда Эрон атрофидаги воқеалар халқаро ҳуқуқий муносабатлар тизимини буткул издан чиқарди. БМТ ва Хавфсизлик кенгашининг роли ва аҳамияти кундан кунга пасайиб кетмоқда. Аслида халқаро қоидаларга риоя этилишини назорат қилиши керак бўлган БМТнинг фалажлангани, “тиши йўқ” ва кучи йўқ қарорлари, Хавфсизлик кенгашинининг 2 аъзоси – Россия ва АҚШнинг ўзи бу қоидаларни бузаётгани боис дунё янгича тартибга ўтишга мажбур бўлмоқда.
Хуллас, шу пайтгача шаклланган тартиб, консенсус ва иттифоқчилик муносабатлари бузилиб қайта тузилмоқда.
Эрон жабрдийдами?
Ҳозирда Эрон урушни биринчи бошламади, унга ҳужум қилишди, деган баёнотлар кўп янграяпти. Бироқ ҳозирги Эрон режими пайдо бўлганидаёқ халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид ўйин бошлаган эди. Жумладан, 1-оятулло АҚШ ва Исроилни ўзига душман деб эълон қилиб, уларни йўқ қилишга ваъда берди. Шунингдек, бутун Яқин Шарқда нотинчлик пайдо қилган прокси кучлар – эронпараст шиа жангарилари тизимини яратишди. Айниқса, “Ҳизбуллоҳ” бошқа давлатларнинг ҳуқуқларини поймол қилиб, ички ишларига аралаша бошлади. Жойлардаги тузумларни эронпараст шиа раҳбарлари билан алмаштиришга урина бошлади. Эрон режими ҳам нефтдан келаётган миллиардлаб доллар маблағларни ўз халқи фаровонлиги учун эмас, балки ўзи ва шиа жангариларини қуроллантириш учун сарфлади.
Албатта, АҚШ ва Исроил Эронни бомбалашда ноҳақ эди. Бироқ Эроннинг жавоби ахлоқий жиҳатдан улардан ҳам ёвузроқ мақсадларни кўзлади. Эрон режими зимдан ўзига душман ҳисобловчи сунний араб давлатларига ракета ҳужумларини бошлади. Ҳозирда Теҳрон ўзлари айтганидек, фақат АҚШ ҳарбий базалари эмас, балки Халиж давлатларининг фуқаролик инфратузилмасини ҳам вайрон қилмоқда. Оддий аҳолининг жабрланишига сабаб бўлмоқда.
2026 йил баҳори эса географик кенглиги атиги бир неча ўн километр бўлган тор денгиз йўлагида ўзгаришни бошлади. Гап Ҳормуз бўғози – сайёранинг энергетик нафас олишига таъсир қилувчи муҳим артерия ҳақида кетмоқда.
Сўнгги ҳафталардаги Эрон атрофидаги воқеалар энди Яқин Шарқдаги навбатдаги кескинлик эмас. Бу – географияни сиёсий архитектура воситасига айлантиришга уриниш дейиш мумкин. Балки янги қоидаларни яратишга қаратилган ҳаракат деб ҳам баҳолаш мумкин.
Эрон – мусулмонлар манфаати учун курашяптими?
Тарихан ҳам, бугунги кунда ҳам Эрон мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилмаган ва тамсил этмаган. Эрон пропагандасига учаётган эронпараст қатламлар ҳозир Эронни сал бўлмаса мусулмонлар Ватикани, Оятуллони эса Рим папаси сифатида кўряпти. Бироқ аслида шу пайтгача Эрон фақат шиалар манфаатини ва Оятулло режими ҳимоясини кўзлаб ҳаракат қилган. “Дўстинг кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтаман” деган мақолга амал қилсак, Эроннинг дўстлари – иттифоқчилари – Россия, Арманистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳисобланади. Бу давлатларни исломофоб сиёсати ва мусулмонлар манфаатини қўпол равишда бузаётган давлатлар сирасига киритиш мумкин. Қолаверса, Эрондаги амалдаги режим сунний мусулмонлар, хусусан Марказий Осиё ва умуман туркийлар манфаатига зид ташқи сиёсат юритиб келган. Биргина мисол, Эрон “ўрта йўлак” – Марказий Осиё давлатларининг Озарбайжон орқали Европага чиқишига доим қарши бўлган.
Туркийларни қўйиб турайлик, Эрондаги режим ўз мазҳабдоши – аҳолиси шиалар бўлган Озарбайжонга ҳам душманона сиёсат юритган. Арманистон билан можароларда Арманистонни қўллаб-қувватлаган.
Теҳрон ҳатто форсларга қариндош бўлган тожикларга ҳам дўстлик қилмаган.
Масалан, Тожикистон телевидениесида 2017 йил 8 август куни Тожикистон ИИВ томонидан тайёрланган ҳужжатли филм намойиш этилган.
Унда Эрон Тожикистон парламенти собиқ спикери Сафар Али Кенжаев, машҳур журналист Отахон Латифий, олимлар Муҳаммад Осими, Юсуф Исҳоқий, Минҳожа Ғулямов, сиёсатчи Карим Юлдошев, машҳур ёзувчи Сайф Раҳим Афарди, собиқ муфтий Фатҳуллохон ҳамда Тожикистондаги Россия ҳарбий базасининг қарийб 20 нафар офицерини ўлдиришларининг асосий молиявий ҳомийси сифатида тилга олинган.
Тожикистон ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган ва 8 август кечқурун Тожикистон телевидениесида намойиш этилган 45 дақиқалик филмда маълум қилинишича, Тожикистондаги машҳур сиёсатчилар, олимлар ва журналистларнинг ўлдирилиши Теҳроннинг молиявий қўллаб-қувватлови билан ҳамда Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода топшириғига кўра амалга оширилган.
Қўлга олинганлар 90-йилларда Эроннинг Қум, Гургон, Машҳад ва Теҳрон шаҳарларида жойлашган ҳарбий тайёргарлик базаларида махсус тайёргарликдан ўтганликларини тан олдилар. Шу билан бирга, уларга Эрон паспортлари ҳам топширилган.
Филм кадрларида қўлга олинганлар Абдуҳалим Назарзода топшириғига биноан тожик фуқаролари ва россиялик ҳарбийларни ўлдирганликларини тан олишган.
Тағоймурод Ашраповнинг айтишича, 1999 йил март ойида Душанбе шаҳрида содир этилган Сафар Али Кенжаев қотиллиги учун эронликлар уларнинг ҳар бирига 2 минг АҚШ долларидан тўлаган.
Унинг таъкидлашича, ушбу машҳур шахсларни, жумладан, Кенжаевни йўқ қилишдан асосий мақсад республика ҳукуматига нисбатан фуқаролар ўртасида ишончсизлик ва нафрат уйғотиш бўлган.
География сиёсатга айланганда
Яна бугунги воқеликка қайтсак. Ҳормуз бўғози ҳар доим муҳим бўлган. У орқали жаҳон нефтининг катта қисми ўтиб, Форс кўрфази мамлакатларини глобал бозорлар билан боғлаб келган. Аммо бу аҳамият кўпроқ эҳтимолий хавф сифатида қараларди: Эрон уни ёпиш мумкинлигини тез-тез айтган, аммо ҳеч қачон тизимли равишда кемачилик қоидаларини ўзгартирмаган.
2026 йил эса бундан мустасно бўлди. Теҳрон ўз таҳдидларини ошиғи билан бажармоқда. У танлаб ўтказиш режимини шакллантиришга киришди, яъни бўғоздан ўтиш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқ эмас, балки сиёсий муносабатларга боғлиқ бўлиб қолди. Шунингдек, нефт савдосини долларда эмас, балки Хитой миллий валютаси – юанда амалга оширишни талаб қилмоқда. Эрон пропагандаси қурбонлари дод-вой солаётганидек, Эрон аввало мусулмон давлатларга эмас, Россия, Ҳиндистон ва Хитой кемаларига бўғоздан юк олиб ўтишга рухсат берди.
Бу – замонавий тарихда сифат жиҳатидан янги босқич ҳисобланади: оддий блокада эмас, балки глобал савдони ўзига хос филтрлаш деб аташ мумкин.
Умумий қоидалар йўқ бўлдими?
Замонавий глобализация оддий, аммо муҳим тамойилга – денгиз орқали эркин ҳаракат тамойилига таянади. Бу тамойил таъминот занжирларининг барқарорлиги, бозорларнинг прогноз қилиниши ва иқтисодиётнинг сиёсатдан нисбатан мустақиллигини таъминлаб келган. Эрон ҳаракатлари бу тамойилни йўққа чиқармоқда.
Агар стратегик йўлларга кириш танлаб бериладиган бўлса, дунё янги моделга – назорат қилинадиган йўлаклар моделига ўта бошлади.
Бунда йўлаклар сиёсий иттифоқларга боғлиқ бўлади, логистика босим воситасига айланади, иқтисодиёт нейтралликни йўқотади ва ҳоказо.
Энг хавфлиси – Ҳормуз ҳодисаси салбий прецедентга айланиши мумкин. Туркия ҳам Босфор бўғозидан ўтишга шундай чекловлар қўйса, қандай сиёсий-иқтисодий инқироз бошланишини тасаввур қилиш қийин эмас. Чунки 2023 йилда Босфор ва Дарданелл бўғозлари орқали эркин ўтишни кафолатловчи Монтре шартномасининг муддати тугади. Туркия ҳам исталган пайтида бу сув йўлакларидан ўтиш тартибини қайта белгилаши мумкин.
Кўп қутбли дунё амалда
Дунё реакцияси яна бир муҳим тенденцияни кўрсатмоқда – бу ягона позициянинг йўқлиги билан ифодаланади. Ҳормуз бўғозидаги инқироз шу тарзда қолиши мумкин эмас. Ёки очиш керак, ёки Эрондаги режимни ўзгартириш.
Ҳозир Хитой ва Россия эҳтиёткор позицияда. Улар Эронга қарши очиқ босимни қораламоқда. Қолаверса, бу инқироз Россияга нефт нархлари кўтарилиши ва санкцияларнинг вақтинча юмшатилиши фонида катта даромад келтирмоқда.
Ғарб эса танлов олдида турибди. Ҳарбий аралашув – катта минтақавий, ҳатто жаҳон урушини келтириб чиқариши мумкин. Ҳаракатсизлик эса халқаро қоидаларнинг заифлашганига рози бўлишни англатади.
Лекин тарихдан маълумки, абадий вазиятнинг ўзи йўқ. Эрон ҳам узоқ вақт уруш ҳолатида бўла олмайди. Дунё жим қараб ўтира олмайди. Қолаверса, Теҳрон араб давлатларига зарба бериб, уларни дўст деб билмаслигини аниқ исботлади. Бугун “иссиғида” билинмаслиги мумкин. Аммо яқин истиқболда бу Эроннинг ташқи сиёсатдаги мавқеига, демакки, иқтисодий вазиятига ҳам катта путур етказади. Айримлар ўйлаганидек, Эрон энди қудратли давлатга айланиб қолмайди. Бу интиҳонининг ибтидоси холос...
