Тошкентда мурожаатлар билан ишлашда масъулиятсизликка йўл қўйган 8 ходим ишдан олинди
Биринчи ярим йилликда шаҳар аҳолисидан жами 58,8 мингта мурожаат тушган, бу ўтган йилга нисбатан 13 фоизга кўп. Алимент ундириш, суриштирув ва тергов жараёнлари, ижро ҳужжатлари асосий масалалар қаторидан жой олган.

Президент Халқ қабулхонаси жамоаси пойтахтда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ўрганди.
Биринчи ярим йилликда шаҳар аҳолисидан жами 58,8 мингта мурожаат тушган, бу ўтган йилга нисбатан 13 фоизга кўп.
Шаҳарда жамоавий мурожаатлар сони 1206 та бўлиб, 74 фоизга ошган, такрорий мурожаатлар сони эса 144 фоизга ортган (6,7 мингта).
Жамоавий мурожаатларда асосан суриштирув ва тергов, бошқарув сервис компаниялари фаолияти, ўзбошимча (ноқонуний) қурилишлар, ҳуқуқбузарликлар, фирибгарликлар, қурилиш нормалари ва қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2026 йилда пойтахтда алимент ундириш, суриштирув ва тергов, ижро ҳужжатлари бўйича қарз ундириш, ҳуқуқбузарликлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мурожаатлар кўпайган.

Аҳолини энг кўп қийнаётган топ-7 масала:
Алимент ундириш
Суриштирув ва тергов жараёнлари
Ижро ҳужжатлари бўйича қарз ундириш
Содир этилган ҳуқуқбузарликлар
Бошқарув сервис компаниялари (БСК) фаолияти
Боғчага жойлаштириш (қабул навбати)
Электр таъминотидаги узилишлар.
Мурожаатлар билан ишлашда масъулиятсизликка йўл қўйгани ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари учун бир қатор мансабдор ва ходимларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган:
8 нафар ходим лавозимидан озод этилди;
1 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди;
18 нафар ходимга «ҳайфсан» берилди;
3 нафар ходимнинг ойлик иш ҳақидан жарима ушлаб қолинди;
32 нафар ходим расман огоҳлантирилди.

6 ойлик якунларига бағишланган йиғилишда жамоавий ва такрорий мурожаатлар асосида уларда кўтарилаётган муаммолар қачон ҳал этилиши бўйича аҳолига аниқ ва тўғри маълумотлар бериб бориш масалалари танқидий муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга энг кўп мурожаат тушган маҳаллаларда яшовчи фуқароларнинг ариза-шикоятларини чуқур таҳлил қилиб, уларда аҳоли кайфиятини яхшилаш чораларини кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари этиб тайинланган Толибжон Орзиевни йиғилиш иштирокчиларига таништирди.
