platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишди

Ҳудуддаги замонавий футбол стадионидаги қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. 55 минг томошабинга мўлжалланган ушбу арена қурилиши 2025 йил ноябр ойида бошланган. Айни пайтда бунёдкорлик ишларининг 65 фоизи бажарилган. 

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясида бўлди. Бу ерда шаҳарнинг кенг кўламли макети ва рақамли харитаси асосида қурилишларнинг умумий бориши, йирик объектларнинг ўзаро жойлашуви ҳамда навбатдаги бунёдкорлик режалари ҳақида ахборот берилди.

Транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини қурилишлар билан уйғун ривожлантириш, яшил ҳудудлар ва жамоат маконларини ўзаро боғлаш, Янги Тошкентни пойтахтнинг амалдаги ҳудуди билан узвий боғлаш масалалари кўриб чиқилди. Барча лойиҳаларни яхлит шаҳарсозлик концепцияси асосида, юқори сифат ва меъморий уйғунликни таъминлаган ҳолда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шундан сўнг Президент Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Янги Тошкентда барпо этилаётган кампусини кўздан кечирди.

Мажмуа Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи доирасида бунёд этилмоқда. Айни пайтда ректорат ва айрим факультетлар биноларида якуний қурилиш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари биноларнинг ички маконлари, ўқув ва маъмурий хоналарнинг жойлашуви, муҳандислик тармоқлари ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари билан танишди. Мутасаддилар қурилишнинг бориши, биноларни жиҳозлаш ва кампусни фойдаланишга тайёрлаш чоралари ҳақида ахборот берди.

Янги кампус таркибида ўқув бинолари, илмий лабораториялар, ахборот-ресурс маркази, электрон кутубхона, талабалар турар жойлари, спорт ва маданият иншоотлари бўлади. Бу ерда таълим, илмий тадқиқот ва талабалар ҳаётини бир маконда уйғунлаштирган яхлит муҳит яратилади.

Университетда халқаро таълим стандартларини босқичма-босқич жорий этиш, бошқарув тизимини «Янги Ўзбекистон» университети тажрибаси асосида трансформация қилиш режалаштирилган. Ўқув жараёнларини замонавий рақамли платформалар орқали бошқариш кўзда тутилган.

Кейин давлатимиз раҳбари Янги Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биносидаги қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Мазкур объект янги шаҳарнинг асосий илм-фан ва маърифат масканларидан бири сифатида бунёд этилмоқда. Янги Тошкент қурилиши, аввало, таълим ва маърифат объектларидан бошланган бўлиб, Миллий кутубхона ушбу концепцияда муҳим ўрин тутади.

Айни пайтда мажмуада қурилиш ва пардозлаш ишларининг 90 фоизи бажарилган. Кутубхонани жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Умумий майдони 30 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган тўрт қаватли бино бир вақтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Унинг меъморий ечимида миллий анъаналар ва замонавий услуб уйғунлаштирилган.

Кутубхонада китоб фондларини сақлаш, ҳисобга олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва зарарсизлантириш учун махсус юқори технологияли хоналар ташкил этилади. Халқаро ва миллий йирик кутубхоналарнинг электрон базаларидан онлайн фойдаланиш имконияти ҳам яратилади.

Кўзи ожиз фуқаролар учун махсус ўқув ва тадқиқот муҳити, 300 ўринли кафе, галерея, спорт ва дам олиш ҳудудлари барпо этилади. Шу тариқа, кутубхона китобхонлик, илмий изланиш ва маданий-маърифий мулоқотни бирлаштирадиган замонавий марказга айланади.

Президент қурилиш ва жиҳозлаш ишларини сифатли якунлаш, кутубхона фонди, рақамли хизматлар ҳамда фойдаланувчилар учун яратиладиган шароитларни ўзаро уйғун ҳолда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Ташрифнинг навбатдаги манзили «Янги Ўзбекистон» университетининг янги кампуси бўлди.

Эллик гектар майдонда барпо этилаётган мажмуа 10 минг нафар талабага мўлжалланган. Унда факультетлар ва ректорат бинолари билан бирга кутубхона, музей, кўргазма ва мультимедиа заллари, спорт мажмуаси, сузиш ҳавзаси ҳамда талабалар турар жойлари жойлашади.

Янги кампусда таълим, илмий тадқиқот, инновация ва талабалар ҳаётини ягона муҳитда уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этилганидек, ушбу таълим ва маърифат масканлари Янги Тошкентда замонавий илм-фан ва таълим муҳитини шакллантириб, ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Янги Тошкентда барпо этилаётган замонавий футбол стадионидаги қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

55 минг томошабинга мўлжалланган ушбу арена қурилиши 2025 йил ноябр ойида бошланган. Айни пайтда бунёдкорлик ишларининг 65 фоизи бажарилган.

Стадион 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий аренаси сифатида хизмат қилади. Бу ерда мусобақанинг ярим финал ва финал учрашувларини ўтказиш режалаштирилган.

Олти қаватли спорт мажмуаси ФИФАнинг барча талабларига мувофиқ барпо этилмоқда. Унда спортчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун замонавий шароитлар яратилади.

Томошабинларнинг қулай ҳаракатланиши учун 10 дан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Стадион ҳудудида учта машғулот майдони ва 5 минг 500 ўринли автотураргоҳ ташкил этилади. Арена яқинида метро бекати ҳам барпо қилинади.

Иншоотнинг меъморий қиёфасида замонавий услуб ва миллий анъаналар уйғунлаштирилган. Қурилишда «яшил энергия», «ақлли бошқарув» ва экологик барқарорлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур арена йирик халқаро мусобақаларни қабул қилиш билан бирга, ёшлар спортини ривожлантириш, профессионал футболчилар тайёрлаш ва мамлакатда замонавий спорт инфратузилмасини кенгайтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва юқори сифат билан якунлаш, стадионни транспорт тизими ҳамда Янги Тошкентнинг умумий шаҳарсозлик муҳити билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid