10 йил ичида прописка ва конвертация бўйича мурожаатлар қолмади
Фуқароликка қабул қилиш, Ҳаж ва умра зиёрати, нақд пул ва бошқалар бўйича мурожаатлар ҳам кескин камайди.

10 йил ичида прописка ва конвертация бўйича мурожаатлар деярли қолмади. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси маълумотида айтилади.
2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқни тинглаш, одамларнинг дард-у ташвишларини чуқур ўрганиш, муаммоларнинг асл сабабларини аниқлаш ва уларга тизимли ечим топишга масъул уникал тузилма — Президент Халқ қабулхоналари ташкил этилган эди.
Ўтган йиллар давомида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Аҳоли мурожаатларини шунчаки қабул қилиш эмас, балки фуқароларни йиллар давомида қийнаб келган кўплаб масалаларни тизимли ислоҳотлар ёрдамида ҳал этиш сиёсати бугун ҳам изчил давом этмоқда.
Бунга оддий бир мисол — валюта айрибошлаш масаласи. 2017 йилда ушбу йўналиш бўйича Президент Халқ қабулхоналарига 22 098 та мурожаат келиб тушган бўлса, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугун бундай муаммо мавжуд эмас.

Шунингдек, қуйидаги 10 та асосий йўналиш бўйича мурожаатлар камайгани қайд этилди:
Прописка тизими
Фуқароликка қабул қилиш
Паспорт расмийлаштириш
Банкоматдан нақд пул олиш
Нотариат тизимидан норозилик
Ҳаж ва Умра зиёрати
Афв этиш ва амнистия
Интернет ва мобил алоқа сифати
Хорижий давлат ҳужжатларини нострификация қилиш
Пенсияни нақд пул шаклида олиш.
