Ипотека тўлаётганларга солиқ имтиёзи автоматик берилиши мумкин
Солиқ қўмитаси ипотека кредити, тўланган асосий қарз ва фоизлар, субсидия, уй-жойга мулк ҳуқуқи, иш ҳақи ҳамда бошқа зарур маълумотларни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон шаклда олади.

Ипотека тўлаётганларга солиқ имтиёзини автоматик бериш йўлга қўйилади.
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб ипотека кредитини қоплашга йўналтирилган даромадлар учун бериладиган солиқ имтиёзларини проактив, яъни автоматик тартибда қўллаш жорий этилиши кутилмоқда.
- Энди фуқаро солиқ имтиёзини олиш учун алоҳида ариза ёзмайди ва ҳужжат тўпламайди.
- Солиқ қўмитаси ипотека кредити, тўланган асосий қарз ва фоизлар, субсидия, уй-жойга мулк ҳуқуқи, иш ҳақи ҳамда бошқа зарур маълумотларни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон шаклда олади.
- Тизим маълумотларни автоматик таққослаб, фуқаронинг солиқ имтиёзига ҳақли эканини аниқлайди, шундан сўнг Солиқ органлари декларацияни электрон шакллантиради.
- Ҳисобланган имтиёз ҳақида фуқаро шахсий кабинет, “Солиқ” мобил иловаси, SMS ёки электрон почта орқали хабардор қилинади.
- Агар фуқаро 5 кун ичида тузатиш киритмаса, автоматик шакллантирилган декларацияга рози деб ҳисобланади.
Шунингдек, лойиҳага кўра:
Ёш оилалар учун ипотека бўйича солиқ имтиёзи субсидия олинган-олинмаганидан қатъи назар қўлланади.
2026 йил 1 сентябрга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда тижорат банклари ипотека ва субсидияга оид маълумотларни реал вақт режимида Солиқ қўмитасига электрон тарзда узатади.
2026 йил 1 ноябрга қадар эса янги проактив хизмат Электрон солиқ хизматлари портали, “Солиқ” мобил иловаси ва my.gov.uz орқали ишга туширилади.
Агар ипотека ҳисобига сотиб олинган ёки қурилган уй-жой мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтганидан кейин 36 ой ичида бошқа шахсга ўтказилса, солиқ имтиёзи бекор қилинади. Илгари берилган имтиёзлар қайта ҳисобланади ва фуқарога тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси ҳақида хабар юборилади.
