My.gov.uz орқали кўрсатиладиган хизматлар сони кенгайтирилади
Телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади.

My.gov.uz орқали кўрсатиладиган хизматлар сони кенгайтирилади.
"Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ-265-сон, 15.07.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) қуйидаги хизматлар жорий этилади:
- жисмоний ва юридик шахсларга ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспортларни гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш ёки уни бекор қилиш;
- фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ва ушбу жараённи бошқаришнинг қуйидаги имкониятларини яратиш:
- телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш (фаоллаштириш) ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш ҳақида аризалар киритиш;
- телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш;
- банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш;
- фуқаронинг номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда автоматик тарзда уни Ягона портал орқали хабардор қилиш ва улар ҳисобини юритиш.
