platina.uz
Жамият

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга янги ҳуқуқлар берилади

Жабрланган шахс реабилитация марказига жойлаштирилганда унинг иш жойи (лавозими) сақлаб қолинади. 

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга янги ҳуқуқлар берилади

Бола ҳуқуқлари ва зўравонликдан жабрланганларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Унга кўра, Қонун билан 2 та кодекс ва 4 та қонунга муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Боланинг энг устун манфаатлари тамойили мустаҳкамланмоқда

Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги ҳамда "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги қонунларга "боланинг энг устун манфаатлари" тушунчаси киритилди.

Мазкур тамойил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ бўлиб, Грузия, Туркия, Россия, Руминия, Озарбайжон, Малайзия ва Молдова каби давлатлар қонунчилигида ҳам ўз аксини топган.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилмоқда

"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ:

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб судга давлат божини тўламасдан мурожаат қилиш ва уларнинг манфаатларини судда ваколатли вакил орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади.

Бу амалиёт Туркия, Грузия ва Буюк Британия тажрибасига ҳам мос келади.

- Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахс реабилитация марказига жойлаштирилганда:

- унинг иш жойи (лавозими) сақлаб қолинади;

- бир ойдан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос яратилади.

Натижада тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга давлат ижтимоий суғуртаси орқали тегишли нафақалар тайинланиб, уларнинг оғир ҳаётий вазиятда даромадсиз қолишининг олди олинади.

Давлат божи бўйича имтиёзлар кенгайтирилди

"Давлат божи тўғрисида"ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотлар ҳам фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

Маълумот учун: 2024–2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг дастлабки 4 ойида реабилитация марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида "Инсон" марказлари томонидан судларга 1 413 та ариза киритилган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid