Самарқанд вилояти ҳокими огоҳлантирилди
Адиз Бобоевга педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид экани ҳамда бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланганлиги билдирилган.

Самарқанд вилояти ҳокими огоҳлантирилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳокимининг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини кўчалардаги ободонлаштириш ва мониторинг ишларига жалб этиш ташаббуси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий тарзда жалб этиш тақиқланади.
Агар мазкур ташаббус амалиётга жорий этилиб, педагоглар фаолиятига дахлдор бўлмаган ишларга жалб этилса, мажбурий меҳнат ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлади.
Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид экани ҳамда бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланганлиги юзасидан огоҳлантириш юборилди.
Ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш, педагогларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш зарур, дейилади хабарда.
