Наманганда қалбаки 80 минг долларни сотишга уринганлар ушланди
Терговга қадар текширув давомида хорижда тайёрланган ушбу сохта валюталар айланма йўллар орқали олиб келинганлиги маълум бўлди.

Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда сохта пулфурушлар ушланди.
Хусусан, Янгиқўрғон туманида яшовчи 1992 ва 1995 йилларда туғилган ҳамда Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 1980 й.т. уч нафар фуқаро қалбаки 100 АҚШ долларлик купюралардан иборат жами 100 минг АҚШ долларини ҳақиқий 40 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиришган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахслар қалбаки 80 минг АҚШ долларини ҳақиқий 40 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар текширув давомида хорижда тайёрланган ушбу сохта валюталар айланма йўллар орқали олиб келинганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
