Президент "Uzbekistan Airways"ни трансформация қилиш бўйича тақдимот билан танишди
Авиакомпаниянинг бозор қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача ошириш имкони мавжуд. Шу билан бирга, дастур ишлаб чиқилганига бир неча ой бўлганига қарамай, уни амалга ошириш ишлари суст бораётгани кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятини трансформация қилиш ва IPOга тайёрлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда давлат иштирокидаги йирик корхоналарни ислоҳ қилиш, уларда корпоратив бошқарув ва ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда Миллий инвестиция жамғармаси фаолиятининг йўлга қўйилгани ва унинг бошқарувига “Franklin Templeton” компанияси жалб этилгани муҳим қадам бўлди.
Ўтган ойда Миллий инвестиция жамғармаси илк бор халқаро бозорда 690 миллион долларлик активларни жойлаштирди. Бу орқали Ўзбекистон глобал капитал бозори қоидалари асосида ишлашга тайёр экани ҳақида муҳим сигнал берилди. Жойлаштириш жараёнида талаб таклифдан 4 баробар юқори бўлиб, йирик инвесторлар томонидан қарийб 3 миллиард долларлик буюртмалар берилди.
Энди жамғарма портфелидаги 13 та йирик компанияда трансформация жараёнларини тезлаштириб, уларни IPOга тайёрлаш вазифаси турибди. Жумладан, “Uzbekistan Airways”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ўзбектелеком” бўйича ишларни шу йилнинг ўзида якунланиши мақсад қилинган.
Тақдимотда “Uzbekistan Airways” АЖ мисолида мазкур жараёнларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
“Franklin Templeton” вакиллари томонидан миллий авиакомпаниянинг фаолияти диагностикадан ўтказилиб, 115 та чора-тадбирдан иборат трансформация дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастур тўлиқ амалга оширилса, компаниянинг операцион даромадларини бир йилда 120 миллион долларга ошириш имкони борлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Жумладан, маршрутларни оптималлаштириш, тўғридан-тўғри сотувларни ошириш ва мижозлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, парвозлар орасидаги вақтни қисқартириш, рейсларни бекор қилиш ҳолатлари ва кечикишларни камайтириш, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатиш каби тизим корхоналари самарадорлигини ошириш, бозордаги вазиятга тезкор мослашиш ва малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳисобидан қўшимча даромад олиш мумкинлиги қайд этилди.
Бу чоралар натижасида авиакомпаниянинг бозор қийматини 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард долларгача ошириш имкони мавжуд. Шу билан бирга, дастур ишлаб чиқилганига бир неча ой бўлганига қарамай, уни амалга ошириш ишлари суст бораётгани кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари компанияни халқаро капитал бозорига тайёрлаш учун, аввало, бошқарув сифатини тубдан ошириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш ва кредит рейтингини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.
Йил якунигача миллий авиакомпаниянинг 15-20 фоиз акциясини халқаро IPO орқали сотиш мақсад қилинган. Бунинг учун компания фаолиятини холис баҳолаш, унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, махсус ҳаво кемаларини компания балансидан чиқариш, давлат буюртмаси асосида бажарилган хизматларни қоплаш механизмини жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилиши белгиланди.
Тақдимотда туризм соҳасидаги юқори ўсиш суръатлари авиакомпания олдига янги талаблар қўяётгани ҳам қайд этилди. Йил бошидан мамлакатимизга келган туристлар сони 27,5 фоизга ошиб, қарийб 5,5 миллион нафарга етди. Айниқса, Хитой, Малайзия, Япония ва АҚШдан келаётган сайёҳлар сони сезиларли кўпайган.
Айни пайтда миллий авиакомпания бу ўсишга етарлича тез мослаша олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Самолётлар паркини кенгайтириш ишларида кечикишлар мавжуд.
Шу боис, авиакомпанияда харидлар тизимини алоҳида тартиб асосида ташкил этиш, самолётлар паркини кенгайтириш бўйича қарорларни тезкор қабул қилиш ва бу жараёнларда халқаро амалиётни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Президентимиз Тошкентни Марказий Осиёнинг йирик авиахабига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бунинг учун “Uzbekistan Airways”, “Uzbekistan Airports” ва “Янги Тошкент” аэропорти ўртасидаги ҳамкорликни ягона тизим асосида мувофиқлаштириш, инфратузилма, йўналишлар ва транзит тармоғини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга Миллий инвестиция жамғармаси портфелидаги корхоналар трансформациясини тизимли ташкил этиш учун алоҳида лойиҳа офисини ишга тушириш, компаниялар бошқарув органларига халқаро молия бозорлари талабларини яхши биладиган, амалий тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш, ҳар бир корхона бўйича IPOга тайёргарликнинг аниқ графигини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назорат қилиш топширилди.
