Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни таваллуд куни билан табриклади
Президент америкалик ҳамкасбини Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан келишга таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампга таваллуд куни – юбилей айёми муносабати билан табрик йўллади.
“Сизни бой тажрибага эга, ўз халқининг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлган атоқли давлат арбоби сифатида яхши биламиз. Сизнинг қатъий сиёсий етакчилигингиз ва мустаҳкам иродангиз туфайли Америка Қўшма Штатларининг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва қудрати тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим”, – дейилади мактубда.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги суръатига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган алоқалар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, сифат ва мазмун жиҳатидан янада бойиб бораётгани қайд этилди.
“Бугун Ўзбекистон – АҚШ алоқалари ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам ва амалий руҳ касб этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир”, – дейилади мактубда.
Давлатимиз раҳбари очиқ ва конструктив ҳамкорликка интилаётган мамлакат сифатида Ўзбекистон АҚШ билан кўп қиррали ва стратегик шерикликка асосланган алоқаларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди. Жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида аҳамият қаратилаётгани қайд этилди.
Президентимиз Доналд Трампнинг тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини таъкидлади.
Турли халқаро ва минтақавий платформалар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб, янги амалий натижалар билан бойиб боришига ишонч билдирилди.
Стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Президентимиз америкалик ҳамкасбини Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан келишга таклиф этди.
Якунда Президентимиз Доналд Трампга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилади
