platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни Мустақиллик байрами билан табриклади

Президент Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган “Катта йигирмалик” саммити доирасидаги учрашувни катта қизиқиш билан кутаётганини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни Мустақиллик байрами билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампга АҚШ миллий байрами – Мустақиллик куни ҳамда мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.

“Сизга ҳамда дўст Америка халқига кўп миллатли Ўзбекистон халқи номидан энг самимий табриклар ва эзгу тилакларни йўллашдан ғоят мамнунман.

Сизнинг дадил ва шижоатли раҳбарлигингиз остида АҚШ иқтисодий қудрати ва таъсирини янада ошириб, глобал тараққиёт ҳамда хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда, барча давлатлар билан амалий ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда”, – дейилади мактубда.

Президентимиз бундай ижобий жараёнлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётгани, ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган муносабатлар янги мазмун билан бойиб бораётганини таъкидлади.

Мактубда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, муҳим минерал ресурслар ва инновацион кооперация соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари ҳисобланиши қайд этилди.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги мулоқот ва амалий шерикликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди. Ноқонуний миграция, терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, наркотик воситалар ноқонуний айланиши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари минтақавий ва глобал форматлар, аввало, “C5+1” платформаси, БМТ ҳамда бошқа халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорлик Президент Доналд Трампнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

Шу ўринда Президентимиз жорий йил декабрь ойида Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган “Катта йигирмалик” саммити доирасидаги учрашувни катта қизиқиш билан кутаётганини таъкидлади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid