platina.uz
Жамият

Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади

Амалда аҳоли саломатлиги ва осойишталигига, нормал дам олишига салбий таъсир кўрсатувчи зарарли шовқинларга қарши курашишни тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. 

Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади

Сенатнинг ялпи мажлисида “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, саноат корхоналари сони ошиши, кенг кўламли қурилишлар, шаҳарларнинг кенгайиб бориши, транспорт воситаларининг кўпайиши каби омиллар туфайли аҳолининг маиший ҳаётида шовқиннинг салбий таъсири ортиб бормоқда.

Амалда эса аҳоли саломатлиги ва осойишталигига, нормал дам олишига салбий таъсир кўрсатувчи зарарли шовқинларга қарши курашиш масалаларини комплекс тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Шовқиннинг зарарли таъсири меъёрларини назарда тутувчи 7 та санитария норма ва қоида амал қилса-да, қонунчиликда бу борада қатъий талаблар белгиланмаган. Натижада ушбу санитария норма ва қоидаларига сўзсиз риоя этилиши таъминланмаяпти.

Бундан ташқари, қонунчиликда инсон саломатлиги учун зарар келтирувчи ва рухсат этилган даражадан юқори бўлган шовқинларни келтириб чиқараётган объектларни жавобгарликка тортиш масалалари тўлиқ ва аниқ белгиланмаган.

Шунингдек, давлат органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарли шовқинга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича вазифа ва функциялари ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ушбу Қонун билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг умумий қоидалари, давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар аниқ белгиланмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи, шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловларига оид нормалар назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Сўзга чиққанлар Қонуннинг қабул қилиниши аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш муносабатларини тартибга солишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Муҳокама якунида сенаторлар ушбу Қонунни маъқуллади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid