Дам олиш куни хонадонда "ремонт" қилиш тақиқланяпти
Депутатлар “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилиб, сенатга юборишди.

Қонунчилик палатаси депутатлари “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилиб, сенатга юбордилар.
Унга кўра, фуқароларнинг тинчлиги ва дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи амалдаги 7 соатдан (соат 23:00 дан 06:00 гача) 8 соатга (соат 23.00 дан 07.00 гача), дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача ўзгартирилади.
Шунингдек, аҳоли истиқомат қиладиган кўп квартирали уйларда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга ошириш мумкин.
Айни пайтда ҳар қандай дам олиш кунида белгиланган соатларда бемалол шовқин қилиб, таъмирлаш ишлари олиб бориш мумкин.
Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
Бундан ташқари, шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун компенсация суд тартибида ундирилиши, компенсация тўлаш шовқиннинг зарарли таъсирининг олдини олишга қаратилган тадбирларни бажаришдан озод этмаслиги, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнати учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан оширилган миқдорда ҳақ тўланиши белгиланмоқда.
Фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғида белгиланган нормадан ортиқ шовқинга мунтазам равишда йўл қўяётган обектлар фаолиятини тўхтатиб туриш механизми аниқлаштирилмоқда.