Солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор оширилди
Меҳмонхона ва умумий овқатланиш шохобчалари томонидан алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади.

Президентнинг "Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки минг баравари этиб белгиланди.
2026 йил 1 июндан бошлаб:
(а) меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан:
(i) алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади;
(ii) алкогол маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади;
(б) умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун:
(i) айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда шу куннинг ўзида ва муайян муддатга расмийлаштириш ва иш ҳақини тўлаш тартиби жорий этилади;
(ii) тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш, тушумнинг нақд пулсиз шаклда тушган улушидан қатъи назар, тўланган солиқ суммасининг 40 фоизи миқдорида амалга оширилади;
(в) умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан фойдаланишда тўланадиган ижара тўлови миқдори Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқланадиган ер солиғининг бир баравари миқдорида белгиланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб:
-алкогол маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкогол маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилади ва унинг ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида белгиланади;
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларига умумий майдони 1 000 метр квадратдан кўп бўлган мол-мулк ижарага берилганда, солиқ солиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланмайди, бундан Тошкент шаҳри мустасно;
- кичик бизнес субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритувчи ташкилотлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш харажатларини икки баравар оширган ҳолда чегиришга рухсат берилади.
2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорлик субъектларига, бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар мустасно, ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилади.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси фақат ушбу солиқ тўловчилар ҳисобини юритиш мақсадида берилади ва таъсир чораларини белгилашга асос бўлиб ҳисобланмайди;
Қуйидагилар бекор қилинади:
- қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби;
- Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб эътироф этиш;
- 2027 йил 1 январдан бошлаб солиқ хавфи даражаси паст бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қайтаришда (қоплашда) инсон омили иштирокидаги жорий амалиётдан воз кечилади;
- солиқ тўловчида мазкур Фармон кучга киргунга қадар ҳосил бўлган ҳамда келишда ҳосил бўладиган 10 миллион сўмгача қўшилган қиймат солиғи бўйича салбий фарқ суммалари уларнинг аризаси талаб этилмаган ҳолда автоматик тартибда қайтариб берилади. Ушбу суммани қоплаб бериш билан боғлиқ солиқ текширувлари ўтказилмайди.
