Суюнчи пули энди нобуд бўлган биринчи боладан кейинги фарзандга ҳам тўланади
Президент Халқ қабулхонаси ва Вазирлар Маҳкамасининг тезкор таҳлиллари асосида ҳукумат қарорига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Суюнчи пулини энди ҳамма биринчи фарзандлар олиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули (суюнчи) фақат биринчи фарзанд туғилганда қайд этилар эди.
Бироқ, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, биринчи туғилган бола яшашга ҳам улгурмай, нобуд бўлади. Аммо боланинг туғилиши ҳақидаги факт ахборот тизимига онанинг биринчи фарзанди сифатида дарҳол қайд этилади. Навбатдаги туғилган чақалоқ эса иккинчи фарзанд деб ҳисобланиб, унга суюнчи пулини бериш рад қилинар эди.
Муаммо қандай аниқланди?
Президент Халқ қабулхонасига келиб тушаётган ушбу масалага оид мурожаатларда ҳам илк фарзанди билан перинатал ёки эрта неонатал ўлим ҳолати юз берган оналар кейинги соғлом туғилган фарзанди учун бир марталик суюнчи пулини бериш рад этилаётганидан шикоят қилаётган эди.
Президент Халқ қабулхонаси ва Вазирлар Маҳкамасининг тезкор таҳлиллари асосида ҳукуматнинг юқорида айтилган қарорига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Янги тартиб қандай бўлади?
Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори (2026-йил 9-апрелдаги 154-сонли) бўйича эндиликда:
Биринчи ва (ёки) ундан кейинги фарзандлар нобуд бўлган тақдирда, навбатдаги тирик туғилган бола учун “суюнчи пули” тўлаб бериладиган бўлди.
