Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳар ҳокимини жазолади
Илҳом Қиличхонов ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган деб топилди.

Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳар ҳокимини жазолади.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг 2026 йил 19 майдаги фармойиши билан Нурафшон шаҳар ҳокими Илҳом Қиличхоновга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Бунга Президентнинг 2024 йил 25 июндаги "Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 234-сонли қарори талаблари ижросини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини назоратга олмаганлик ва ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлик сабаб бўлган.
Меҳнат кодексининг 312-моддаси ҳамда Илҳом Қиличхоновнинг тушунтириш хатига асосан, Нурафшон шаҳар ҳокимига нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси белгиланди.
Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари А.Акрамов зиммасига юклатилган.
