Президент Самарқанд вилоятига ташриф буюрди
Дастлаб Имом Бухорий мажмуаси зиёрат қилинди. Сўнгра Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Самарқандга ташриф буюрди.
Эзгу қадриятларимизга мувофиқ, аввало, Имом Бухорий мажмуаси зиёрат қилинди. Буюк ҳадисшунос бобомиз мақбарасида Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Маълумки, ушбу қутлуғ қадамжо давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорийнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан маънавий меросига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Бу йил Рамазон ҳайити арафасида мажмуа яна зиёратчилар учун эшикларини очиб, 60 мингдан ортиқ юртдошимиз ва хорижлик меҳмонлар ҳайит намозини ушбу қутлуғ қадамжода ўқидилар.
Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.
Маълумотларга кўра, қутлуғ қадамжо очилганидан сўнг бир ой ичида буюк муҳаддис бобомиз мақбарасини 1 миллиондан ортиқ юртдошимиз ва хорижий фуқаро зиёрат қилди.
Президентимиз мажмуага ташриф буюрувчиларга янада қулай шароитлар яратиш, ибодатларини адо этишлари, буюк муҳаддис бобомиз мероси билан яқиндан танишишлари учун барча имкониятларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, мажмуага автотранспортда келувчилар учун тўхташ жойларини кенгайтириш, зиёратчилар сайр қиладиган ҳудудларни янада обод қилиш, уларнинг дам олиши учун табиий ва қулай муҳит яратиш, бу борадаги ишларни доимий таҳлил қилиб бориш, ҳар олти ойда мажмуада зиёратчилар учун яратилган шароитларни ўрганиб, қўшимча чораларни белгилаб бориш муҳимлиги таъкидланди. Бутун юртимиздан имом-хатибларни мажмуага таклиф қилиб, малакасини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари зиёрат маданиятини юксалтириш, муқаддас қадамжолар ва мозорларни обод сақлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, бундай масканларда келиб-кетувчилар учун муносиб шароит яратиш муҳим эканини, ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳини кучайтириш ёш авлоднинг ўзлигини англаши ва маънавий тарбиясида муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида ОТБ раҳбари мамлакатимиз етакчисига банк Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилишини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатган кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликни юксак даражага кўтаришга эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Ўтган 30 йилда ОТБ Ўзбекистоннинг ҳақиқий стратегик шеригига айланди.
Лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда, амалиётлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айланди.
Темир ва автомобиль йўллари, энергетика ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, сув таъминоти ва канализация тармоқларини янгилаш, қишлоқ хўжалиги ва хусусий секторни ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилди ва давом этмоқда.
Ўзбекистон Президенти ва банк раҳбари саммит доирасида имзоланган ОТБ билан шериклик бўйича 2030 йилга қадар бўлган даврга мўлжалланган янги дастурга киритилган умумий қиймати 12,5 миллиард долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ипотека бозори, хусусий сектор, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив таълим ва инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни илгари суриш, рақамли инновацияларни жорий этиш ва махсус иқтисодий зоналарда инфратузилмани модернизация қилиш каби соҳаларда ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.
Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, банкнинг маблағларни сафарбар этишдаги етакчилигини кучайтириш орқали илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти ОТБ раҳбарияти ва жамоасига Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши муваффақиятли ва самарали ўтишини тилади.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган шериклик дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.
