platina.uz

Булунғурдаги 6 минг гектар ғалла ери самарасиз деб топилди

У далалар мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилса, гектаридан даромад 10 минг доллардан ошади, 45 минг одам ишли бўлади.

Иқтисод
21 ноябрь, 10:09
Булунғурдаги 6 минг гектар ғалла ери самарасиз деб топилди

Булунғур туманидаги 6 минг гектар самараси кам ғалла майдонлари мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилса, гектаридан даромад 10 минг доллардан ошади, 45 минг одам ишли бўлади. Маҳсулотларнинг ярми экспортга чиқарилиб, қўшимча 52 миллион доллар экспорт тушуми таъминланади.

Шавкат Мирзиёев 20 ноябр куни Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Келгуси йилда Самарқанд вилоятида ҳудудий дастурлар доирасида камида 1 миллиард 850 миллион доллар инвестицияларни ўзлаштириш, 20 минг иш ўрни яратиш ва қўшимча 1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисоб-китоб қилинган.

Масалан, Пастдарғом тумани “Чимбойобод” ҳудудида ҳокимлик захирасида турган 234 гектар ерда махсус саноат зонасини ташкил қилиш мумкинлиги айтилган. Тадбиркорлар у ерга 500 миллион доллар инвестиция киритиб, фармацевтика, кимё, электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат лойиҳаларини бошлашга тайёрлигини билдирган.

Ёки Зарафшон дарёси атрофидаги 25 гектар тошлоқ ер “Ургут” эркин иқтисодий зонасига қўшилса, 30 миллион долларлик лойиҳаларга жой бўлади. Дарғом канали бўйида 35 километрли туристик йўлак, Нарпай каналида гастрономик кўприк ташкил этиш орқали биринчи босқичда 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.

"Вилоятдаги яйлов ва лалми ерларни иқтисодий активга айлантириш керак. Масалан, Самарқанд туманида 350 гектар лалми ерда туристик-рекреацион ҳудуд ташкил қилиб, мингта тадбиркорни жойлаштириш ва 3,5 мингта иш ўрни яратиш мумкин", деган президент.

Иштихон, Ургут, Пайариқ ва Қўшработдаги одамлар 35 минг гектарда узум етиштиради. Лекин сердаромад навларни экиш, касалликка қарши курашиш, янгича агротехник тадбирларга кўникма етишмагани учун ҳосилдорлик паст. Шу боис Иштихонда Боғдорчилик ва узумчилик илмий институтини тажриба станциясини ташкил қилиш таклифи билдирилган. Унда “in-vitro” усулида кўчатчилик йўлга қўйилиб, узумнинг “Гигант”, “Сирлибой”, “Аватар” каби бозорбоп навлари экилади. Натижада ҳосилдорлик қўшимча 25-30 центнерга, экспорт 20 миллион долларга ошади.

Шунингдек, Қўшработ, Иштихон, Нуробод, Пастдарғом, Пахтачи ва Ургутдаги конлар негизида фойдали қазилмаларни қайта ишлаш корхоналари очиш мумкин.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича чора-тадбирларни тақдимот қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+