Президент Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
Биринчи Президент Ислом Каримов мақбараси ҳам зиёрат қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифининг иккинчи куни Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили юртимизда ақида илмининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштиришга киришилганди.
Айни пайтда мажмуа ва унинг атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда Имом Мотуридий мажмуаси қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, кириш пештоқи, илмий марказ, кутубхона, музей ва автотураргоҳ бунёд этилмоқда.
Шунингдек, қурилиш ишлари жараёнида Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой ҳам аниқланиб, бу ерда мақбара қурилмоқда.
Алломалар ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, ушбу маскан дунё мусулмонлари талпинадиган зиёрат манзилларидан бири эканини қайд этиб, бу ерда улар учун замон талабларига мос шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.
– Мажмуага келган киши аввало Имом Мотуридий бобомизнинг илмий-маънавий мероси, ислом оламида тутган мавқеи ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлиши, алломанинг маърифатпарвар қарашлари бугун ҳам долзарблигини ҳис қилиши керак, – деди Президент.
Қурилишни сифатли ва ўз вақтида бажариш, ҳудудда яшил майдонларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Бугунги айём кунларида улуғ аждодларимиз ва бу дунёдан ўтган яқинларимизни ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини эслаш хайрли амаллардан экани таъкидланди.
