Зироат Мирзиёева "Баҳор билан ҳамнафас" фестивалида иштирок этди
Ёш дизайнерлар Ҳамид Олимжон шеъриятидан илҳомланиб яратилган ёрқин либослар тўпламини намойиш этди. Хиванинг янги яшил жамоат маконини барпо этиш тадбири ҳам бўлиб ўтди.

Зироат Мирзиёева экомактаб ўқувчилари ва маҳаллий аҳоли билан биргаликда Хиванинг янги яшил жамоат маконини барпо этишда иштирок этди.
Яқин-яқингача бўш турган қарийб 8 гектарлик майдонга ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб танланган 3 минг тупдан ортиқ дарахт ва ўсимлик кўчатлари ўтқазилмоқда.

Янги боғ нафақат шаҳарга кўрк бағишлайди, балки ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга муҳим ҳисса қўшиб, аҳоли учун сўлим дам олиш ва мулоқот масканига айланади.
Хоразм заминининг ноёб мероси айнан баҳорда ўзгача жилваланади. Бу эса Қарши, Тошкент, Андижон, Нукус ва Марғилон шаҳарларидаги "Замин Creative" инклюзив ижод студиялари дизайнерлари, фотосуратчилари ҳамда актёрларини бефарқ қолдирмади.

"Замин" фонди Васийлик кенгаши аъзолари табиат уйғониши ва янгиликни бош ғоя сифатида олган "Баҳор билан ҳамнафас" фестивалининг фаол иштирокчиларига айланди.
Ёш дизайнерлар Ҳамид Олимжон шеъриятидан илҳомланиб яратилган ёрқин либослар тўпламини намойиш этди.

Фотосуратчилар эса янгиликнинг пайдо бўлиш лаҳзасини тадқиқ этишга бағишланган "Ибтидо" номли ажойиб оқ-қора кўргазмани ярата олди. Актёрлар бўлса барчага миллий рақс ва замонавий хореография муҳитини ҳадя этди.
