Кинотавсия: “Номаълум”дан даҳо математиккача
Лойиҳамизнинг ушбу сонида ретро филмдан тортиб жосуслик ҳақидаги киноларни сараладик.

“Кинотавсия” лойиҳасининг бу галги сонида қадрдон ретро филм, жосуслик ва даҳолар ҳақидаги кинолар ўрин олган.
5. “Автомобилдан сақланинг”, 1966 (СССР)
1966 йилда режиссёр Элдор Рязанов томонидан суратга олинган машҳур совет детектив трагикомедияси. Филм Эмил Брагинский ва Элдор Рязановнинг шу номли повести асосида яратилган.
Филмда ўз даврининг ва кино оламининг юлдузлари суратга тушган:
- Иннокентий Смоктуновский – Юрий Деточкин ролида.
- Олег Ефремов – терговчи Максим Подберёзовиков ролида.
- Андрей Миронов – Дима Семицветов ролида.
- Анатолий Папанов – Семицветовнинг қайнотаси ролида.
Филм сюжети ўша пайтларда халқ орасида юрган “Робин Гуд” ҳақидаги афсонага асосланган. Рязанов ва Брагинский бундай одамни излаб топишга ҳаракат қилишган, аммо у тўқима образ бўлиб чиққан.
Андрей Петров томонидан басталанган валм куйи филмнинг энг таниқли ва севимли қисмларидан бирига айланган.
Филм экранларга чиққандан сўнг, СССРда кўпчилик ўз автомобилларини ўғирликдан суғурта қилишни бошлаган.
Деточкин ҳайдаган “Волга” ГАЗ-21 автомобили кейинчалик “Бриллиант қўл” ва “Плюшихадаги учта терак” филмларида ҳам ишлатилган.
Сюжет
Филм марказида суғурта агенти ва ҳаваскор театр актёри Юрий Деточкин туради. У ўзига хос “замонавий Робин Гуд” бўлиб, қуйидаги ишлар билан шуғулланади: ноҳалол йўл билан бойлик орттирган шахсларнинг (порахўр ва спекулянтларнинг) автомобилларини ўғирлайди.
Ўғирланган машиналарни сотиб, тушган пулларни етимхоналарга ўтказади. Деточкиннинг дўсти, терговчи Максим Подберёзовиков ушбу жиноятларни тергов қилади ва охир-оқибат жиноятчи ўз дўсти эканини билиб қолади.
4. “Пивога кетиб”, 2022 (АҚШ)
Режиссёр Питер Фаррелли (машҳур “Яшил китоб” филми муаллифи) томонидан суратга олинган биографик ҳарбий комедия ва драма. Филм реал воқеаларга асосланган бўлиб, Жон “Чики” Донохю ва Жоанна Моллойнинг шу номли китоби асосида яратилган.
Асосий ролларда: Зак Эфрон, Рассел Кроу, Билл Мюррей. Бу воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлган. Чики Донохю 1968 йилда ҳақиқатан Вьетнамга бориб, бир нечта дўстларига пиво етказган ва Тет ҳужуми (Tet Offensive) пайтида ўша ерда бўлган.
Филмда комедия элементлари бўлса-да, урушнинг оғир оқибатларини кўрсатувчи жиддий драма ҳисобланади.
Сюжет
Воқеалар 1967 йилда Ню-Йоркда бошланади. Бош қаҳрамон Чики Донохю – Вьетнам урушига қарши намойишлардан чарчаган ва фронтдаги дўстларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган оддий йигит. У маст ҳолатда дўстларига ажабтовур ваъда беради: Вьетнамга бориб, у ерда жанг қилаётган маҳалладош дўстларига Америка пивосини етказиб бериш.
Чики пиво тўла сумка билан хавфли саёҳатга отланади. Уруш ўчоғига боргач, у нафақат дўстларини топади, балки урушнинг даҳшатли ҳақиқати билан юзма-юз келиб, дунёқараши бутунлай ўзгаради.
3. “Номаълум”, 2011 (АҚШ)
Режиссёр Хауме Коллет-Серра томонидан суратга олинган психологик экшн-триллер. Филм француз ёзувчиси Дидье ван Ковелартнинг “Менинг бошимдан ташқарида” (Hors de moi) романи асосида яратилган.
Бош ролларда юлдузли актёрлар жамоаси қатнашган: Лиам Нисон, Дайан Крюгер, Женюари Жонс, Эйдан Куинн, Бруно Ганц.
Филм охиридаги кутилмаган бурилиш (твист) томошабинларни ҳайратда қолдириши билан ажралиб туради.
Сюжет
Доктор Мартин Харрис хотини билан Берлинга илмий конференцияга боради. Бироқ меҳмонхонага келгач, у ҳужжатлари солинган сумкасини аэропортда қолдирганини сезиб, орқасига қайтади. Йўлда таксида аварияга учрайди ва тўрт кун давомида комада ётади.
Уйғонгач, Мартинни даҳшатли сюрприз кутади: хотини уни танимайди ва бошқа бир эркакни “ҳақиқий Мартин Харрис” деб таништиради. Ҳеч ким, ҳатто полиция ҳам унинг гапларига ишонмайди. У сирли қотиллар томонидан таъқиб қилина бошлайди.
Мартин ўзининг кимлигини исботлаш ва бу фирибгарлик ортида ким турганини аниқлаш учун такси ҳайдовчиси Жина (авария пайтида уни қутқарган қиз) ва собиқ разведкачи билан бирлашади.
2. “Арго” операцияси, 2012 (АҚШ)
Бен Аффлек томонидан суратга олинган, реал воқеаларга асосланган тарихий сиёсий триллер. Филм 1979 йилда Эрондаги гаровга олиш инқирози пайтида олти нафар америкалик дипломатни қутқариш бўйича МРБ ва Канада ҳукуматининг махфий операцияси ҳақида ҳикоя қилади. (Бу операция ва филм ҳақида Platina.uz’да чоп этилган мақоламизда ўқинг.)
Бош ролларда: Бен Аффлек, Брайан Крэнстон, Алан Аркин, Жон Гудман. Филм дунё миқёсида катта шуҳрат қозонган ва бир қанча нуфузли мукофотларни қўлга киритган. Хусусан, “Оскар” (2013): “Энг яхши филм”, “Энг яхши мослаштирилган сценарий” ва “Энг яхши монтаж” номинацияларида ғолиб бўлган. “Олтин глобус”: энг яхши драма ва энг яхши режиссёр мукофотларига лойиқ кўрилган.
Гарчи филм реал воқеаларга асосланган бўлса-да, баъзи саҳналар драма учун бўрттирилган. Филмда асосий рол МРБга берилган бўлса-да, реал ҳаётда операциянинг муваффақиятли ўтишида Канада ҳукуматининг ҳиссаси 90% ни ташкил этган. Аэропортдаги таъқиб саҳнаси томошабинни ҳаяжонда ушлаб туриш учун ўйлаб топилган, аслида эвакуация ҳеч қандай муаммосиз ва силлиқ кечган.
Сюжет
1979 йил 4 ноябрда Теҳрондаги АҚШ элчихонаси намойишчилар томонидан ишғол қилинади ва 50 дан ортиқ ходим гаровга олинади. Бироқ олти нафар дипломат қочишга муваффақ бўлиб, Канада элчисининг уйидан бошпана топади.
МРБнинг эвакуация бўйича мутахассиси Тони Мендес уларни қутқариш учун ақл бовар қилмайдиган режа тузади: улар гўёки Эронда фантастик филм суратга олиш учун келган Канада кино гуруҳи сифатида кўрсатилади.
Бунинг учун Ҳолливудда сохта киностудия ташкил қилинади, сценарий ва реклама материаллари тайёрланади. Дипломатлар ўзларининг сохта шахсиятларини ва кино соҳасига оид маълумотларни ёд олишлари керак бўлади.
1. “Даҳо Уилл Хантинг”, 1997 (АҚШ)
1997 йилда суратга олинган, кино оламида классикага айланган психологик драма. Бу филм нафақат юксак интеллект, балки инсоний туйғулар ва ички қўрқувларни енгиш ҳақида.
Бош ролларда: Мэтт Деймон, Робин Уилямс, Бен Аффлек, Стеллан Скарсгард. Филм 9 та номинация бўйича “Оскар”га номзод бўлган ва 2 тасини қўлга киритган: энг яхши иккинчи пландаги эркак роли – Робин Уилямсга, энг яхши оригинал сценарий – Мэтт Деймон ва Бен Аффлекка (бу улар учун Ҳолливудга катта йўл очган).
Ўша пайтда номаълум бўлган дўстлар – Мэтт Деймон ва Бен Аффлек сценарийни ўзлари учун ёзишган, чунки ҳеч ким уларга бош ролларни бермаётган эди.
Робин Уилямснинг хотини ҳақидаги ҳикояси тўлиқ импровизация бўлган. Мэтт Деймоннинг кулгиси эса ҳақиқий эди.
Филм инсон қанчалик иқтидорли бўлмасин, меҳр ва қўллаб-қувватлашсиз ўз йўлини топиши қийинлигини кўрсатиб беради.
Сюжет
Филм марказида 20 ёшли Уилл Хантинг туради. У Массачусетс технология институтида (МТИ) фаррош бўлиб ишлайди, лекин аслида туғма даҳо ва математик қобилият эгаси. У дунёдаги энг мураккаб математик масалаларни бир неча дақиқада ечиб ташлайди.
Бироқ Уиллнинг ўтмиши оғир бўлгани сабабли, унинг характери жуда мураккаб ва тажовузкор. Навбатдаги муштлашувдан сўнг у қамоққа тушиш хавфи остида қолади. Математика профессори Жералд Ламбо уни қутқариб қолади, аммо иккита шарт қўяди: Уилл профессор ҳамроҳлигида математика билан шуғулланиши ва психотерапевт ҳузурига бориши шарт.
Уилл кўплаб психологларни мазах қилиб ҳайдаб юборади, токи у Шон Магуайр билан учрашгунча. Шон Уиллнинг ички дунёсини тушунишга ва унинг “бу сенинг айбинг эмас” деган ҳақиқатни англашига ёрдам беради.
