platina.uz

Кўринмас фронт аскарлари: “Канадача айёрлик” ёхуд “Арго” операцияси

Эронда хавф остида қолган дипломатларни АҚШ жосуслари ажойиб найранг билан қутқариб қолгани катта шов-шув бўлган.

Мақола
20 ноябрь, 20:12
Кўринмас фронт аскарлари: “Канадача айёрлик” ёхуд “Арго” операцияси
Фотоколлаж: Platina.uz

АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ўз имкониятлари ва ваколатларидан нафақат душманга зарар етказиш, балки фалокатга учраган дўстлари ҳамда ватандошларига ёрдам бериш учун ҳам фойдаланади. Бундай операциялар МРБ раҳбарияти ёки АҚШ президентининг бевосита топшириғи ва рухсати билан амалга оширилади. Аммо ушбу операцияларни тайёрлаган ва амалга оширган МРБ ҳақида гапирилмайди, сир тутилади, мақтовни бошқа ташкилот ёки давлатлар эшитади. Айрим ҳолларда, орадан бир неча йиллар ўтибгина, бу ҳақдаги миш-мишлар ва тахминларга чек қўйиш учун асл манзара фош этилади.

“Арго” операцияси ёки расмий доираларда “Канадача айёрлик” (Operation "Canadian Caper") деб номланган амалиёт ҳам шундай хусусиятдаги махфий тадбир бўлган.

У нафақат МРБ ўтказгани ёки МРБга алоқадорликни яшириш учун махфийлаштирилган, балки шундай қилинмаса, бутун операцияни ўтказишдан маъно қолмас ва бир неча америкалик дипломатлар жосусликда айбланиб инқилобчилар қўлида ҳалок бўлиши ёки қийноқларга солиниши мумкин эди.

Қутқарув миссияси

“Арго” операцияси 1980 йил январ ойида, Эрон ислом инқилоби пайтида олти нафар америкалик дипломатни пойтахт Теҳрондан олиб чиқиш учун амалга оширилган муваффақиятли қутқарув операцияси бўлган.

"Каламушлар чўкаётган кемани биринчи бўлиб тарк этади": Эроннинг сўнгги шоҳи - мухолифларини қийнаб ўлдириб, узоқ йиллик ҳибсга жўнатишни яхши кўрган ёвуз диктатор Муҳамммад Ризо Паҳлавий ва унинг хотини мамлакатда инқироз бошланган заҳоти Эрондан қочиб кетмоқда. Айтишларича, унинг Эрондан олиб қочган тиллалари битта самолётга зўрға сиққан. (1979 йил 1 январ)

1979 йил 4 ноябрда бир гуруҳ эронлик талабалар Aмериканинг Эрондаги элчихонасига бостириб киришди. Улар Aмериканинг Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийга сиёсий бошпана бериб, қўллаб-қувватлаётганига норозиликларини ифода қилиш учун Aмериканинг Теҳрондаги элчихонасини эгаллаб олишди.

АҚШ Эрон шоҳига бошпана берганидан ғазабланган эронликлар аксиламерика намойишларига чиқишди. Плакатда "Жиноятчи америкаликлар, уйингизга кетинг" деб ёзилган. (1979)

Бу ўткир сиёсий инқирозга олиб келди. Бу орада олти америкалик дипломат қочишга муваффақ бўлди ва Канада элчихонаси ходимларининг уйларига яширинди. Бу “Канадача айёрлик” операциясини ишлаб чиқишга туртки бўлди.

Теҳронлик талабалар АҚШнинг Эрондаги элчихонаси биносига бостириб киришмоқда. (1979 йил 4 ноябр)

Операция иштирокчилари

Операцияда канадалик дипломатлар, хусусан, Канаданинг Эрондаги элчиси Кен Тейлор муҳим рол ўйнаган. У америкалик дипломатларга бошпана берган, шунингдек, бир неча ой давомида уларнинг хавфсизлигини таъминлаган.

Канаданинг 1977-1980 йилларда Эрондаги элчиси Кен Тейлор (1934-2015) америкалик қочқин дипломатларга хуфёна бошпана берган.

Операцияни ташкил қилиш учун АҚШ ҳукумати МРБга мурожаат қилди. Операцияни МРБнинг сохта ҳужжатлар ва махфий “афсона” яратиш масалаларига ихтисослашган Антонио (Тони) Мендес исмли агенти бошқарган.

Операцияни режалаштириш

Режанинг асосий ғояси қуйидагича эди. Аввало Эронда “Aрго” номли илмий-фантастик филмни суратга олишни мақсад қилган, Канаданинг сохта филм ишлаб чиқарувчи кинокомпаниясини яратиш керак эди. Кейин Aмерика дипломатларини Канаданинг янги паспортлари ва ушбу “филм гуруҳи” аъзоси эканини тасдиқловчи ҳужжатлар билан таъминлашади. Охирги босқичда АҚШ дипломатларни Эрон хавфсизлик постлари ва аэропортдаги назорати орқали олиб чиқиб кетишнинг уддасидан чиқилса бас, олам гулистон.

МРБ агентлари америкалик дипломатларни олиб чиқиш операциясини тайёрлашмоқда.

Операцияни тайёрлаш ва амалга ошириш

Сохта филм ва сохта кинокомпания учун “афсона” яратилди. “Aрго” кинолойиҳаси гўёки реал эканини исботлаш учун сценарий ва реклама материаллари ва бошқа сохта ҳужжатлар яратилди. Ҳатто Ҳолливудда “Арго” кинофилмини суратга олиш бошлангани ҳақида жиддий мақолалар чоп этилди.

Сохта филмнинг сохта постери

Шу мақсадда сохта суратга олиш гуруҳи тузилди. Агент Тони Мендеснинг шахсан ўзи продюсер ниқоби остида Теҳронга ташриф буюриб, яширинган дипломатлар билан учрашди ва уларга сохта ҳужжатларни тарқатди. Шунингдек, уларга ёлғон таржимаи ҳол ва тафсилотларни ёд олдирди.

Президент эътиборидаги операция

АҚШ президенти Жимми Картер вазиятдан қаттиқ хавотирланиб, муттасил хабардор бўлиб турган. У Тони Мендесга омад тилаб, хатча ҳам жўнатган. Президентнинг бундай қилиши ғайриоддий ҳол эди. Чунки АҚШда президент МРБ агентлари билан бевосита мулоқотга киришмайди.

АҚШ президенти Жимми Картер гаровга олинган америкалик дипломатлар учун черковда дуо қилмоқда. (1979)

Теҳронга учиб келган Мендес шаҳарда ҳукм сураётган бошбошдоқликлардан ҳайратга тушган. Бу ерда тунлари инқилоб муҳофизларининг аскарлари машиналарда бўм-бўш кўчаларда пойга ўйнар, уйларнинг деразаларини автоматдан ўққа тутишар эди...

Операциянинг кулминацион нуқтаси

1980 йил 27 январда Канада паспортини қўлида ушлаб олган олти нафар дипломат янги номлар остида Швейцария авиакомпаниясининг Теҳрондаги рейсига чиқиб олишга ва Эронни тарк этишга муваффақ бўлди.

Энг охирги, аммо энг хавфли босқич - АҚШ дипломатлари Теҳрон аэропорти паспорт назоратидан ўтиб, Эронни тарк этиш олдидан.

Операциянинг асосий нуқтаси аэропортдаги хавфсизлик хизматидан ўтиш эди, хайриятки, бу жараён ҳам муаммосиз ўтди. Дипломатлар Швейцариянинг Цюрих шаҳрига бехавотир етиб келишди ва уларни Aмерика ҳукумати расмийлари кутиб олишди.

Америкалик дипломатлар ниҳоят уйларига қайтишди. (1980)

Операциядан кейин

“Канадача айёрлик” операцияси муваффақиятли ўтказилгач, Канаданинг Теҳрондаги элчиси Кен Тейлор қаҳрамонга айланиб, олқишланди. Канадада ҳам, AҚШда ҳам кўплаб мукофотларга сазовор бўлди. Канада ҳукумати ўз ходимлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Теҳрондаги элчихонасини вақтинча ёпди.

Америкаликлар Канадага раҳмат айтишмоқда. (1980)

Мазкур операция узоқ вақт сир сақланди. Фақат 1997 йилда МРБ мазкур операция тафсилотларини ошкор қилди ва ниҳоят унинг ҳиссаси кенг жамоатчиликка маълум бўлди.

АҚШ президенти Жимми Картер Эрондан олиб чиқилган америкалик дипломатлар билан Оқ Уйда учрашди.
(1980 йил 2 феврал)

Операциянинг моҳияти ва оқибатлари

"Канадача айёрлик" Канада ва АҚШ ўртасидаги дипломатик мувофиқлаштириш ва самарали разведка ҳамкорлигининг муҳим намунаси бўлди. Шунингдек, у инсоннинг топқирлиги ва инқироз даврида психологик ва оператив ҳийлалардан самарали фойдаланиш қобилиятини намоён қилди. Мазкур воқеа 2012 йилда режиссёр Бен Aффлек томонидан суратга олинган “Aрго” филмида ўз аксини топган.

«Арго» операцияси фильмидан лавҳа: Бен Aффлек бош қаҳрамон - агент Тони Мендес ролида.

“Арго” операцияси кўплаб мукофотларга, жумладан, “Энг яхши филм” учун Оскар ҳайкалчасига сазовор бўлди.

Бу эса ҳақиқий фильмнинг ҳақиқий постери. (2012)
Собиқ МРБ агенти Антонио (Тони) Мендес (1940-2019) "Арго операцияси" фильмини тақдирлаш маросимларидан бирида. (2012)

Танқидчилар ҳам топилади

“Канадача айёрлик” операцияси муваффақиятли ўтган бўлса-да, баъзи канадаликлар "Aрго" филмини канадалик дипломатларнинг ролини камайтиргани ва МРБ ролига асосий эътибор қаратгани учун танқид қилишди. Бу ушбу миссиянинг қаҳрамони сифатида ким тан олиниши кераклиги ҳақида янги мунозаралар тўлқинини келтириб чиқарди.

Жимми Картер агент Тони Мендесни операция муваффақияти билан табриклаб, шахсан миннатдорчилик билдирмоқда. Вашингтон, Оқ уй. (1980)

Бироқ тан олиш керак, МРБ агенти Тони Мендес бўлмаганида мазкур операция муваффақиятли чиқмаcлиги аниқ эди.
Айтганча, Тони Мендес МРБ тарихидаги 50 нафар энг муҳим оператив ходимлар рўйхатига киритилиб, разведка ҳамжамиятининг олий мукофоти - "Разведка юлдузи" билан тақдирланди. Диққатга молик жиҳати шундаки, Тони Мендес бу рўйхатда тенги йўқ шахс: чунки ушбу агентларнинг аксарияти хавфли операциялар чоғида ҳалок бўлган ва ўлимидан сўнг тақдирланган, тирикларининг номи эса ҳамон махфий қолмоқда...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+