Тошкентда уй-жойлар ижарасидан олинадиган даромадлар улуши пасайди
Ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Шайхонтоҳурда 9,1 фоиз (2025 йил март ойида 9,3 фоиз) ва Яшнободда 8,4 фоиз (8,8 фоиз) қайд этилди. Уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги эса ошди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги таҳлил қилинди.
2026 йил март ойида Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 14,6% гача етди. (2025 йил мартда 6,2%). Бунда, ижарадан келадиган ўртача даромад 8,7% дан 8,0% гача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 6,6% га қимматлашди.
Лекин, уй-жойга инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли даражада фарқланади:
- 1 хонали: Миробод – 50,0% (2025-йил март – 1,0%), Бектемир – 19,3% (22,8%);
- 2 хонали: Юнусобод – 24,8% (0,5%), Яккасарой – 13,0% (16,5%);
- 3 хонали: Миробод – 12,9% (9,5%), Чилонзор – 3,8% (8,7%);
- 4 хонали: Яккасарой – 18,5% (12,2%), Бектемир – -14,1% (4,3%).
Сўнгги 1 йилда Тошкент шаҳри туманлари кесимида уй-жой даромадлилигининг ўртачадан оғиши (standard deviation) 2,8% дан 5,5% гача етган. Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳри туманларида уй-жой нархлари кескин фарқланиб бораётганлигидан далолат беради.
Хусусан, 2026 йил март ойида Тошкент шаҳри туманларида уй-жой нархларининг ўртачадан оғиши 2025 йилдаги 2,8%дан 5,4%гача етган. Шунингдек, ижара нархларида бу фарқ сезиларли ошмаган (0,4%дан 0,6%га).
Уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад.
2025 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил март ойида ушбу уйни сотишига тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг ошиши туфайли уйнинг харид нархидан ўртача 6,6% даромад қилган. Хусусан, ушбу кўрсаткич Чилонзор туманида 1,9%ни, Бектемир туманида 0,8%ни, Яшнобод туманида 3,1%ни ташкил қилган бўлса, Тошкент шаҳрининг нисбатан қиммат уй-жойлари жойлашган Миробод туманида 16,6%гача, Яккасарой туманида 12,4%гача етди.

Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад.
Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад 2025 йилнинг мос давридагига нисбатан 0,7%га пасайиб, 8,0%ни ташкил қилди. Мазкур даврда, ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Шайхонтоҳурда 9,1% (2025 йил март ойида 9,3%) ва Яшнободда 8,4% (8,8 %) қайд этилди.
Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 29,8% (2025-йил март ойида 9,3%) ва 17,4%ни (4,8%) ташкил қилган бўлса, 3 ва 4 хонали хонадонларда нисбатан пастлигича сақланиб қолди. Хусусан, 3 хонали хонадонларнинг ўртача даромадлилиги 8,7%ни (6,2%) 4 хонали хонадонларники 2,4%ни (4,4%) ташкил қилди.
Банк депозитларининг даромадлилик даражаси.
2025-йил мартидан 2026-йилнинг февраль ойигача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 4,9% атрофида тебраниб турган бўлса, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 21,2 %ни ташкил этган. Ушбу рақамлар, бир томондан, уй-жойнинг инвестициявий даромадлилиги жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитларидан олинадиган ўртача даромадлилигидан юқори бўлса-да, миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги юқорилигича сақланиб қолаётганини кўрсатади.
