Абдулла Арипов Москвада Россия бош вазири билан учрашади
Учрашувда Россия-Ўзбекистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва гуманитар ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бош вазир Абдулла Арипов Россия ҳукумати раҳбари билан учрашади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Абдулла Арипов 13 апрел куни Москвада Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасида Қўшма комиссиянинг 6-йиғилишини ўтказадилар.
Бош вазирлар икки мамлакат ўртасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қиладилар.
Учрашувда Россия-Ўзбекистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва гуманитар ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Саноат, энергетика, жумладан, ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, таълим ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Қўшма комиссия Россия ва Ўзбекистон президентлари Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил октябр ойида ташкил этилган.
Биринчи йиғилиш 2019 йил 30 майда Урганчда, иккинчиси 2021 йил 22 июнда Москвада, учинчиси 2022 йил 2 декабрда Самарқандда, тўртинчиси 2023 йил 18 сентябрда Москвада ва бешинчиси 2024 йил 9 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтди.
