platina.uz
Спорт

Спорт қамрови юқори маҳалла раисларига мукофот пуллари берилади

Спорт вазири Адҳам Икрамов, Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага аҳоли орасидан "соғлом ҳаёт волонтёрлари" корпусини шакллантириш топширилди. 

Спорт қамрови юқори маҳалла раисларига мукофот пуллари берилади

Президент соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди.

Эндиликда маҳаллада оммавий спорт натижадорлиги фақат қамров билан эмас, балки аҳолининг саломатлик кўрсаткичларига ҳам қараб баҳоланади.

Ҳар бир вилоятдаги биттадан туманда “саломатлик баланси” шакллантирилади. Спорт вазири Адҳам Икрамов, Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага спорт билан фаол шуғулланувчи аҳоли орасидан “соғлом ҳаёт волонтёрлари” корпуси шакллантириш топширилди.

Улар маҳаллаларда спорт ва соғлом турмуш тамойилларини тарғиб қилади. Ҳар бир тумандаги ушбу тизимда энг намунали бўлган 10 тадан маҳаллага бепул спорт формаси ва анжомларини бериш йўлга қўйилади.

Дунёда махсус жиҳоз ва инфратузилма талаб қилмайдиган интенсив спорт машғулотлари, яъни кросс-фит оммалашаётгани таъкидланди. 1 майгача барча мактаб ва техникумларда кросс-фит бўйича тўгараклар ташкил қилиши топширилди. Келгуси йилдан кросс-фит “Беш ташаббус” тизимига киритилади.

Эндиликда қайси маҳаллада спортга қамров ошиб, аҳолининг саломатлиги яхшиланса, юрак-қон томир, диабет билан касалланиш кўрсаткичи камайса, волонтёр ва маҳалла раисига йил якуни билан 15 миллион сўмгача мукофот берилади. Ушбу маҳаллада оммавий спортга масъул тренерга 200 фоизгача ойлик устама тўланади.

Ҳар бир вазир, тармоқ ва банк раҳбари, вилоят, туман ҳокими ходимлари спорт билан шуғулланиши учун ўзи намуна бўлиб, шароитларни кенгайтириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мазкур жараёнда ҳафтада бир кун спорт куни сифатида белгиланиши, бу кунда вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт машғулотлари ўтказилиши белгиланди. Агар спорт зали бўлмаса, спорт базалари ёки федерациялар билан шартнома тузиш, камида 4 та спорт тури бўйича йилига 2 марта мусобақа ташкил қилиб, ғолибларни тақдирлаш топширилди.

Жорий йилдан бошлаб ҳар йили вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика биринчиликлари ўтказилиши белгиланди.

Хусусий сектордаги меҳнат жамоаларида ҳам оммавий спортни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар яратилади.

Тадбиркорлар ўз ишчи-ходимлари учун спорт зали, майдончаси қуриш ва жиҳозлаш учун қилган харажатлари фойда солиғи базасидан чегирилади, жалб қилинган тренерлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid