platina.uz
Жамият

Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди

Мажмуанинг умумий майдони 45 гектар бўлиб, Пайариқ туманида жойлашган. Қайта бунёд этилган улкан минора ва масжид гумбазлари ҳайбат бағишлайди.

Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди

Журналистлар уюшмаси ташаббуси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида Самарқанд вилоятида янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-тур иштирокчилари дастлаб илмий даргоҳ фаолияти билан танишди. Марказ 2017 йилда Президент қарори билан ташкил этилган бўлиб, дунёнинг 50 та етакчи Ислом тадқиқот марказлари ва нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилади. Қўлёзмалар фондини бойитиш мақсадида Мисрдан 130 минг, Саудия Арабистонидан 34 та электрон нусха олиб киритилган.

Мутахассислар лабораторияда 550 та нодир қўлёзмани тозалаб, консервация қилган. 524 та қўл ёзма (177 176 вараққа тенг) сканерланиб, электрон нусхалари тайёрланган. Имом Бухорий ва бошқа алломаларнинг 52 та асари ўзбек тилига таржима қилиниб, жами 128 та китоб ва рисола нашр этилган.

Журналистлар мажмуанинг меъморий қисмлари билан ҳам танишди. Унда 10 минг кишига сиғадиган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли миллий айвон, 14 та мовий гумбаз ва 75 метрлик 4 та минора бор. Ҳудудда 1 та тўрт юлдузли ва 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳлар мавжуд. Мажмуа бир кунда 65 минг зиёратчини қабул қила олади.

Шундан сўнг журналистлар Ҳадис илми маркази, масжид, маъмурият биноси, музей ва кириш-чиқиш айвонларини томоша қилиб, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳаёти, илмий-мероси, нодир экспонатлар ва бошқа кўргазмалар билан танишди.

Мажмуанинг умумий майдони 45 гектар бўлиб, Пайариқ туманида жойлашган. Қайта бунёд этилган улкан минора ва масжид гумбазлари ҳайбат бағишлайди, аммо асосий қисм “Саҳиҳ ул-Бухорий” муаллифи, Ислом оламининг этук муҳаддиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг мақбарасидир.

ОАВ вакиллари 9 павильондан иборат инновацион музей билан танишиб, ал-Бухорий ҳаёти, илмий-мероси, нодир экспонатлар ва бошқа кўргазмалар ҳақида маълумот олди.

Имом Бухорий мажмуаси нафақат зиёрат маркази, балки ёшлар учун илм, маърифат, тарбия ва ибрат маскани ҳисобланади. Бу мажмуа янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини намоён этади ва Ислом оламидаги буюк меросни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid