platina.uz
Жамият

Экологик ҳуқуқбузарлик содир этган юридик шахсларга молиявий санкциялар қўлланилади

Сенат экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунни маъқуллади. 

Экологик ҳуқуқбузарлик содир этган юридик шахсларга молиявий санкциялар қўлланилади

Экологик ҳуқуқбузарлик содир этган юридик шахсларга молиявий санкциялар қўлланилади.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида айрим муаммолар мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори камлиги сабабли улар ўзининг сезиларли тарбиявий ва профилактик аҳамиятини бермаяпти.

Маъмурий жарималарнинг мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши эса корхоналар учун сезиларли молиявий таъсир кўрсатмасдан, мулкдорда “жазосизлик туйғуси” шаклланишига олиб келмоқда.

Амалиётда бундай муаммолар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Қонун билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун янги боб билан тўлдирилиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар белгиланмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) тўлдирилиб, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шиналарни, битумни, мазутни, плёнкани, синтетик картонни, резинани, жун толасини ёқиш ва шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, табиий ресурсларнинг кафолатланган ҳимояланишига, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid