Иссиқхоналар фаолиятини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари белгиланди
Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида 940 гектар майдонда иссиқхона мажмуалари жойлаштирилади. Муқобил энергия ёки энергия тежамкор иситиш тизимлари камида 50 фоизга етказилади.

Президентнинг "Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.
Унга кўра, иссиқхоналар фаолиятини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари белгиланди.
Жумладан, Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида 940 гектар майдонда иссиқхона мажмуалари жойлаштирилади. Муқобил энергия ёки энергия тежамкор иситиш тизимлари камида 50 фоизга етказилади. Шерободда "Сурхон-Агро" эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ташкил этилмоқда. Ушбу зона 30 йил давомида фаолият юритади ва бу муддатни кейинчалик узайтириш имконияти мавжуд.
Зонани бошқариш учун "Сурхон-Агро" ЭИЗ дирекцияси ташкил этилди ва унинг фаолиятини мувофиқлаштириш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юкланади.
Иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор молиявий енгилликлар жорий этилмоқда:
- ер участкалари аукцион орқали ижарага берилганда, 5 йил давомида нол ставкаси қўлланади;
- суғориш ва технологик жараёнларда ишлатиладиган оқова ва ерости сувлари учун тўловлардан 3 йил муддатга озод этилади;
-ЭИЗ иштирокчилари учун қонунчиликда белгиланган алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади.
2027 йилдан бошлаб зонада етиштирилган маҳсулотларни маҳсулотларни республика бўйлаб ташишда 50 фоизлик чегирма бериш кўзда тутилмоқда.
