Деновда таълим мансабдорларидан иборат жиноий гуруҳ фош бўлди
Улар бир неча йиллар давомида мактаб ва боғчалар орқали қўшимча ойлик маош, устама ва рағбатлантиришларни қўшиб ёзиб, растрата йўли билан талон-торож қилишган.

Жорий йилнинг 20 феврал куни жиноят ишлари бўйича Денов тумани судида таълим тизими мансабдорлари иштирокидаги иш кўриб чиқилди. Унда баён этилишича, кўрилган иш сабаб давлатга юз миллион сўмлаб зарар етказилган. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи А.И. 2023-2024 йилларда мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари вазифасида ишлаб, 244 ходимга 396 млн сўмдан ошиқ асоссиз равишда иш ҳақи тўланишига йўл қўйиб берган.
Шунингдек, судланувчи Х.У. Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари вазифасида ишлаб келиб, 450 ходимга 456 ҳолатда 206 млн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ёзиб, давлат манфаатларига зарар келтирган.
Яна бир судланувчи Б.О. эса бўлим ҳисобчиси лавозимида ишлаган. У фаолияти давомида 342 ходимга 149,5 млн сўм иш ҳақи тўлаб, уларни растрата йўли билан талон-торож қилган.
Судланувчи Н.У. бўлим бош ҳисобчиси бўлиб ишлаб, 71 ҳолатда 52,6 млн сўм иш ҳақи ортиқча тўланишига сабаб бўлган.
Иш материалларига кўра, бу ҳолатлар турли мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида иш ҳақи билан боғлиқ ҳисоб-китоблар, устамалар, моддий рағбатлантиришлар ва айрим тоифадаги ходимларга берилган қўшимча тўловлар орқали юзага келган. Суд ушбу қонунбузарликларни бухгалтерия ҳисоби ва электрон тизимлардан фойдаланишдаги камчиликлар, шунингдек, ички назоратнинг сустлиги билан боғлаган.
Суд айрим раҳбарларнинг бюджет маблағларини бевосита ўзлаштириш мақсадида тил бириктиргани тўлиқ исботланмаганини таъкидлаган. Бироқ улар ўз хизмат вазифаларига лоқайд ва виждонсиз муносабатда бўлгани, молиявий жараёнлар устидан етарли назорат ўрнатмагани сабаб қонунбузарликларга шароит яратган деб топилган.
Якуний ҳукмга кўра, иш доирасида У. Х.га иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 1,5 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган.
А. И.га жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани туфайли жазо тайинланмаган.
О. Б.га , У. Н. ва Т. Ж.ларга эса ойлигининг 20 фоизи ушлаб қолинган ҳолда 1,5 йилдан аҳлоқ тузатиш жазоси тайинланган. Суд уларга нисбатан жиноят таркиби, исботланган эпизодлар ва ҳар бирининг ишдаги ролидан келиб чиқиб турлича ҳуқуқий баҳо берган. Ҳукмда маблағлар масаласи ҳам алоҳида баён қилинган. Хусусан, 464 млн 333 минг 787 сўм Сурхондарё вилояти прокуратураси депозит ҳисобидан, 122 млн 146 минг 141 сўм эса Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти депозитидан тегишли тартибда давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган. Бундан ташқари, 563 млн 333 минг 500 сўмлик зарар қоплаб берилгани қайд этилган.
