Шавкат Мирзиёев ифторликда қатнашди
Маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам уланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди.
Маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари уланди. Шунингдек, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбир аввалида давлат раҳбари бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбдан табриклади.
Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.
Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! – деди Президент.
Яқин келажакда БМТ қароргоҳида ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган.
