Илҳом Алиев: “Шавкат Мирзиёевнинг доно раҳбарлиги Ўзбекистонни минтақада етакчи давлатга айлантирди”
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувидаги донолиги, кенг кўламли ислоҳотлари ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан ҳиссасини юксак баҳолади. У, шунингдек, Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси марказини бутун ислом оламининг фахри сифатида эътироф этди.

16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятини юксак баҳолади.
“Биродарим Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг доно раҳбарлигида Ўзбекистон тараққиёт ва бунёдкорлик йўлидан ишонч билан бормоқда. Улкан халқаро обрў-эътибор, самарали иқтисодий ислоҳотлар, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кенг кўламли лойиҳалар Ўзбекистонни минтақада етакчи ўринга олиб чиқди.
Шавкат Миромонович нафақат доно давлат арбоби, балки Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган инсондир. Озарбайжонда уни амалий ишлари, халқимизга бўлган самимий муносабати учун ҳурмат қилишади ва яхши кўришади.
Узоқни кўра биладиган сиёсатчи сифатида Шавкат Миромонович Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада яқинлаштириш зарурлигини аниқ кўра билади”, - деди Илҳом Алиев.
Шунингдек, Озарбайжон Президенти Тошкент шаҳрида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фикрларини айтиб ўтди.
“Кеча биз Ислом цивилизацияси марказида бўлдик. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган ушбу марказ мамлакат раҳбари Ўзбекистоннинг бой маданий қадриятларига содиқлигининг яна бир ёрқин исботидир.
Айрим мамлакатларда динимизга нисбатан хуружлар кучайиб, исломофобия тизимли тус олаётган бир пайтда, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун дунёга ислом — бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини намоён этади. Ислом оламининг буюк намояндалари жаҳон илми ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, Ислом цивилизацияси маркази буни яққол кўрсатиб турибди.
Ишончим комилки, Тошкентдаги салобати ва экспозицияси жиҳатидан ноёб бўлган Ислом сивилизацияси маркази бутун ислом оламининг фахр-ифтихорига айланади”, - деди Озарбайжон етакчиси.