Тошкентда 80 та корхонанинг шубҳали операциялари текшириляпти
11 та корхона мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида шаклланган бўлса-да, ҚҚС гувоҳномаси мавжуд эмаслиги аниқланган.

Тошкент шаҳар солиқ бошқармасида ўтказилган таҳлиллар натижасида бир нечта корхонага раҳбарлик қилаётган шахслар ҳамда улар билан боғлиқ шубҳали фаолият ҳолатлари аниқланган.
Аниқланишича, бошқармада рўйхатда турган 176 та корхонада 82 нафар жисмоний шахс раҳбар сифатида фаолият юритмоқда. Ушбу шахслар раҳбарлик қилаётган бошқа корхоналар орасида ҳам шубҳали фаолият белгилари мавжудлиги қайд этилди.
2026 йил 11 март ҳолатига кўра:
- 84 та корхонанинг ҚҚС махсус гувоҳномаси вақтинча тўхтатилган.
- Бунга корхоналар томонидан амалга оширилган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмагани сабаб бўлган.
- 11 та корхона мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида шаклланган бўлса-да, ҚҚС гувоҳномаси мавжуд эмаслиги аниқланган.
- 1 та корхонанинг ҚҚС махсус гувоҳномаси бекор қилингани маълум бўлган.
Шу билан бирга, таҳлил қилинган 176 та корхонанинг 80 тасида ҚҚС махсус гувоҳномаси фаол ҳолатда бўлган.
Ҳозир мазкур 80 та корхона фаолиятида амалга оширилаётган битимлар (операциялар)нинг харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмаганлиги ҳолатлари юзасидан бошқарма ходимлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
