Кадастр ходими ва собиқ солиқчи пора билан қўлга тушди
Пастдарғомда кадастр муҳандиси маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини давлат рўйхатидан ўтказиб бериш эвазига 2,5 минг доллар олган.

Кадастр ходими ва собиқ солиқчининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилояти бошқармаси Пастдарғом туман филиали кадастр муҳандиси ўзининг ваколатли танишлари орқали, маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини давлат рўйхатидан ўтказиб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда муҳандисга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
ДХХ Cурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори вилоят Иқтисодий судида кўрилаётган иқтисодий иш доирасида боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликка нисбатан эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш эвазига 1983 й.т. фуқародан 10 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
