Путин Эрон президенти билан телефон мулоқоти ўтказди
Россия ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, Эрон атрофидаги ва бутун Яқин Шарқдаги муаммоларни ҳал қилишнинг куч ишлатиш усулларидан воз кечиш ташаббусини илгари сурган.

Россия президенти Владимир Путин Эрон Ислом Республикаси Президенти Маъсуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.
Россия Президенти Эрон Ислом Республикаси Олий Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий, унинг оила аъзолари ва мамлакат ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти аъзоларининг ўлдирилиши ҳамда Исроил-Америка ҳужуми натижасида кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлиши муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Айтилишича, Россиянинг ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, Эрон атрофидаги ва бутун Яқин Шарқдаги муаммоларни ҳал қилишнинг куч ишлатиш усулларидан воз кечиш ва сиёсий ва дипломатик ечим йўлига тезда қайтиш зарурлиги ҳақидаги принципиал позицияси яна бир бор тасдиқланган.
Шу муносабат билан Владимир Путин Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари раҳбарлари билан доимий алоқада эканлигини таъкидлади.
"Маъсуд Пезешкиён Россиянинг ўз ватанининг суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилаётган Эрон халқи билан бирдамлиги учун миннатдорчилик билдирди ва можаронинг ҳозирги кескин босқичидаги воқеалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Эрон томони билан турли каналлар орқали алоқалар давом этишига келишиб олинди", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 28 феврал куни Исроил ва АҚШ кучлари Эронга зарбалар берди. Эрон бунга жавобан Исроил ва Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига зарбалар йўллади.
