Пастдарғомда судья 300 доллар пора билан ушланди
У ўз юритувига келиб тушган алимент иши бўйича пул олаётганда қўлга тушган.

Пастдарғом туманида судья пора билан ушланди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Прокуратура органлари ва Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг судьяси 300 АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, мазкур туман судининг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан, 1989 й.т. аёлнинг 2022 й.т. фарзанди вояга етгунига қадар жавобгар ҳисобланган – 1983 й.т. фуқародан алимент ундириш белгиланган.
Аммо, жавобгар томон ушбу қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисида ФИБ Пастдарғом туман судига ариза билан мурожаат қилган.
Судья эса ўз иш юритувига келиб тушган ушбу аризага асосан, жорий йилнинг 27 феврал куни суднинг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан қайта кўришни 11 март кунига тайинлаган.
Шунингдек, у ишни даъвогарнинг фойдасига ижобий ҳал этиб бериш эвазига ундан 300 АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан судьяга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қарши ва Бухорода бозор раҳбарлари ушланганди.
Қаршида бозор раҳбари савдо дўконини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 80 минг АҚШ доллари талаб қилган.
