platina.uz
Жамият

Ucell ва Korzinka номидан ёлғон ўйинлар ўтказилаётгани маълум бўлди

Рақобат қўмитаси фуқароларни алданиб қолмаслик бўйича огоҳлантирмоқда.

Ucell ва Korzinka номидан ёлғон ўйинлар ўтказилаётгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда фуқароларни қизиқтириб, халқ орасида машҳур компаниялар томонидан ўтказилаётган ютуқли ўйинда иштирок этиш орқали қимматбаҳо совғалар ютиб олиш мумкинлиги ҳақидаги ёлғон реклама акциялари ҳақида Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди.

Уларнинг асл мақсади алдов йўли билан фуқароларни ишонтириб, уларнинг шахсий маълумотларини билиб олишдан иборатлиги айтилган.

Хусусан, ижтимоий тармоқларда Ucell мобил оператори баҳор мавсуми кириб келиши муносабати билан ўз абонентларига 3 ойлик бепул мегабайт ва қўнғироқлар тақдим этилиши ҳақида акция ўтказилаётгани, ушбу акцияда қатнашиш учун Telegram каналга кириб, шахсий маълумотларни киритиб рўйхатда ўтиш сўралган.

Шунингдек, Korzinka супермаркетлар тармоғи (Anglesey Food МЧЖ ХК) ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида жойлашган 5 та хонадон ҳамда 300 млн сўмлик ваучерлар ўйналиши ҳақида ахборотлар берилган бўлиб, ушбу акцияда қатнашиш учун Telegram каналга кириб, харид чекини рўйхатдан ўтказиш кўрсатиб ўтилган.

Бу сохта (фейк) Telegram канал бўлиб, у ерда маълумотларни киритиш сўралади, маълумотлар киритилса, аккаунтга фирибгарларга кириш имкони (доступ) очилади. Ушбу усул алдов схемаси бўлиб, шахсий маълумотларни (ID-рақам, банк пластик карталарини, уларнинг пин-кодини) қўлга киритиш ёки ҳисобингиздаги маблағ фирибгарлар томонидан ечиб олиниши мумкин.

“Ўз навбатида, Қўмита мутахассислари томонидан Ucell мобил оператори ҳамда Korzinka супермаркетлар тармоғи расмий веб-сайтлари ўрганилганда бундай акциялар тўғрисида маълумотлар мавжуд эмаслиги маълум бўлган”, дейилади қўмита хабарида.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid