АҚШ Ўзбекистондаги икки компания вакилларига қарши виза чекловлари киритди
Улар фуқароларнинг АҚШга ноқонуний йўллар билан кириб боришига шароит яратиб беришда айбланган.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги иккита визага кўмаклашиш компаниясининг раҳбарлари ва мулозимларига нисбатан виза чекловларини жорий қилганини эълон қилди.
Ушбу шахслар Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга ноқонуний йўллар билан кириб боришига атайлаб шароит яратиб беришда айбланмоқда.
Чекловлар Ўзбекистонда жойлашган, аслида ноқонуний миграцияни мақсад қилган шахсларга саёҳат хизматларини кўрсатган иккита хусусий компания вакилларига қаратилган.Давлат департаментининг маълум қилишича, ушбу шахслар мигрантларни, жумладан вояга етмаганларни ҳам Марказий Америкадаги транзит нуқталари орқали АҚШ чегарасига етиб олишлари учун транспорт ва логистика ишларини мувофиқлаштирган.
"Биз ноқонуний иммиграциядан фойда кўраётганларни жавобгарликка тортишда давом этамиз ва чегараларимизни ҳимоя қилиш учун одам контрандаси билан шуғулланувчи тармоқларга қарши кескин чоралар кўрамиз," — дейилади баёнотда.
Расмий Вашингтон ноқонуний миграция билан шуғулланувчи жиноий тармоқларга чек қўйишда Ўзбекистон ҳукумати кўрсатаётган яқин ҳамкорликни юқори баҳолашини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ушбу чекловлар фақат ноқонуний фаолиятга алоқадор шахсларга тегишли бўлиб, қонуний йўл билан АҚШга саёҳат қилувчи Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўлланилмайди.
