platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш ишлари билан танишди

Миллий фазогирни қисқа муддатга – 10-14 кунлик парвозга тайёрлаш таклиф қилинди, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. 

Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш ишлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев космосга сунъий йўлдош учириш ҳамда биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишди.

Таъкидланганидек, бугун дунёда рақобат янги босқичга чиқиб, иқтисодий қудрат табиий бойликлар билан эмас, интеллектуал салоҳият ва технологиялар билан ўлчанмоқда. Космик технологиялар эса стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бирига айланди.

Мамлакатимизда космик маълумотлардан фойдаланиш бошланганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, қисқа вақт ичида сезиларли амалий натижаларга эришилди. Давлат космик мониторинги ишга туширилиб, ушбу тизим проактив равишда ишламоқда.

Шу билан бирга, сўнгги беш йилда масофадан зондлаш маълумотларига талаб 3 карра ошгани, ҳозирда космик мониторинг билан 10 дан зиёд давлат идоралари ва барча ҳокимликлар ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Энг муҳими, космик маълумотлар орқали биз “кўз билан кўриб бўлмайдиган” иқтисодий имкониятларни аниқлаб, уларни реал даромад манбаига айлантиряпмиз. Бу давлат ресурсларини бошқариш механизми ва маданияти ўзгараётганидан далолат, – деди Президентимиз.

Шу билан бирга, космик соҳада узоқ муддатли ва барқарор миллий тизим – сунъий йўлдошларни бошқариш, маълумотларни қайта ишлаш ва улардан амалиётда фойдаланиш инфратузилмасини шакллантириш муҳим экани қайд этилди. Бундан мақсад мамлакатимиз суверен ва объектив маълумотлар манбаига эга бўлишидир.

Ҳозиргача хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, бўлажак сунъий йўлдошнинг аниқлиги ва фойдали юкламасига доир техник талаблар аниқланди.

Тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028 йилда “Мирзо Улуғбек” номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланган.

– Бу шунчаки рамзий қадам эмас, балки мамлакатимиз илмий салоҳияти, ёшларимиз орзуси ва миллий ғуруримиз ифодаси бўлади, – деди Президентимиз.

Миллий фазогирни қисқа муддатга – 10-14 кунлик парвозга тайёрлаш таклиф қилинди, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Космонавтни фазога учириш аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан узвий боғланган бўлиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, бу ютуқ мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириши билан бирга илмий салоҳиятни ривожлантириш, янги лойиҳа ва технологик ташаббусларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг фан ва технологияларга қизиқиши ортишига хизмат қилиши керак.

Ўзбекистон космонавти фазода бўлиши доирасида олиб борилиши мумкин бўлган тадқиқотлар йўналиши сифатида тиббиёт ва биология (масофавий ташхис қўйиш, маҳаллий доривор экстрактлар самарадорлигини ўрганиш), ўсимликлар генетикаси (қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни синаш, ёпиқ агробиотизимлар модели), материалшунослик (иссиқликни тўплаш ва бошқариш учун материаллар, мато ва толаларни синовдан ўтказиш) таклиф қилинди.

2028 йилда Самарқанд шаҳрида космос бўйича халқаро конгресс ўтказиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Унда АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатларнинг етакчи космик ташкилотлари иштирок этишга қизиқиш билдирган.

Масъулларга ушбу халқаро тадбирга юксак савияда тайёргарлик кўриш топширилди.

Тақдимот якунида Президент Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдошлар лойиҳалари ва миллий фазогирни тайёрлаш бўйича ҳисоб-китоб ҳамда амалий таклифларни пухта ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid