Шавкат Мирзиёев Покистон президенти билан музокара ўтказди
Асиф Али Зардорий ташрифни "тарихий аҳамиятга эга" деб атади. Ўзбекистон раҳбари Покистоннинг бир қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига давлат ташрифи доирасида “Айвони Садр” қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий билан тор доирада ва делегациялар иштирокида учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Асиф Али Зардорий давлатимиз раҳбарини Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлгани муносабати билан табриклади ҳамда ушбу давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга янги суръат бағишлайдиган тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Янги Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳоланди.
Турли даражалардаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бормоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Исломободдаги саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва сиёсий маслаҳатлашувлар самарали ўтказилди.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини шу йил Хивада ўтказишга келишиб олинди.
Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича позицияси ўхшашлиги ҳамда бир-бирларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини яна бир бор тасдиқладилар.
Маданий ва гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш ҳамда таълим, экология, спорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга ўзаро интилиш қатъий экани қайд этилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Шунингдек, Исломобод шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон–Покистон бизнес форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Покистоннинг бир қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари “HRL Group” компанияси раиси Зоҳид Рафиқ билан музокара олиб борди.
Учрашувда Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланган ҳолда Покистондаги мис, олтин ва стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар конларида қўшма геология-қидирув ишларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Президент компания раҳбарининг Покистон пойтахтида Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, давлат ташрифи доирасида Президентимиз “Engro Group” компанияси раиси Аҳсан Зафар Сайид билан учрашди.
Компания Покистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга муҳим ҳисса қўшиб келмоқда ҳамда энергетика, нефть-кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта тажрибага эга.
Учрашувда кимё саноати лойиҳаларини амалга оширишда компания иштирокини кенгайтириш, шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш ва чорва маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Президентимиз “Gobar Textile” компанияси асосчиси Гоуҳар Мустафо билан ҳам учрашув ўтказди.

Мазкур компания пахта толасини қайта ишлаш ва маиший тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Музокаралар давомида мамлакатимизда тўқимачилик маҳсулотларини қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон корхоналарини халқаро етказиб бериш занжирларига интеграция қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исломободда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Покистон бизнес форуми доирасида “Go Group” компанияси бош ижрочи директори Дур Муҳаммад Аюб билан ҳам учрашди.
Мазкур компания Покистоннинг қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳаларида етакчи ҳисобланади.
Учрашувда компаниянинг мамлакатимиз ҳудудларида чорвачилик маҳсулотларини тўлиқ қайта ишлаш занжирига эга агрокластер барпо этиш бўйича режалари қўллаб-қувватланди.