platina.uz
Жамият

Сенат PayPal, Apple Pay ва Google Pay йўлини очадиган қонун ўзгартиришларини маъқуллади

Янги қоидалар халқаро тўлов тизимларининг мамлакат бозорига киришини осонлаштириб, маълумотларни чет элда сақлашга қўйилган чекловларни қисман юмшатади. 

Сенат PayPal, Apple Pay ва Google Pay йўлини очадиган қонун ўзгартиришларини маъқуллади

Сенат PayPal, Apple Pay ва Google Pay йўлини очадиган қонун ўзгартиришларини маъқуллади.

Янги қоидалар халқаро тўлов тизимларининг мамлакат бозорига киришини осонлаштириб, маълумотларни чет элда сақлашга қўйилган чекловларни қисман юмшатади ва финтеч ҳамда электрон тижорат ривожига туртки бериши кутилмоқда.

5 февраль куни Сенат "Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Сенаторларнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг мақсади халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига киришини кенгайтиришдан иборат. Ҳозирги вақтда маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлаш талаби туфайли халқаро тизимларнинг Ўзбекистонда фаолият юритиши амалда чекланган.

Янги қоидалар бўйича фақат айрим тоифадаги маълумотлар — биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда телекоммуникация хизматлари ҳақидаги маълумотлар маҳаллий серверларда сақланиши шарт қилиб белгиланди.

Бошқа маълумотларни чет элда узатиш ва сақлаш учун аниқ хавфсизлик талаблари белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси шахсий маълумотларнинг ҳимояси таъминланадиган давлатлар рўйхатини белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу ўзгартиришлар халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистонда ишлашини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Улар финтеч, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга, сайёҳлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Алоҳида таъкидланганидек, ўзгартиришлар Ўзбекистон фрилансерларига қонуний ва шаффоф ҳисоб-китоб механизмларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Кўплаб машҳур халқаро платформалар, жумладан Upwork, Fiverr, Envato ва Storblocks тўловларни фақат PayPal орқали амалга оширади.

Ҳозирда Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари амалдаги чекловлар туфайли PayPal тизимида тўлиқ ишламайди. Янги қонун айнан шу тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу ўзгартиришларни 20 январ куни бирданига учта ўқишда қабул қилган эди. Ўшанда хабар қилинганидек, ўзгартиришлар халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонга жалб қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва фуқаролар ҳамда сайёҳлар учун қулайликлар яратишга қаратилган.

Аввалроқ Сенат исломий банкларга оид қонунни маъқуллаганди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid