Жиззах ҳокими янги ўринбосарлари маоши қандай ҳисобланиши очиқланди
Вилоятда саноат ва қишлоқ хўжалиги бошқарувини такомиллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Жиззах вилоятида саноат ва қишлоқ хўжалиги бошқаруви такомиллаштирилади.
“Жиззах вилоятида саноат ва қишлоқ хўжалиги бошқарувини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–34-сон, 30.01.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Жиззах вилояти ҳокимлиги тузилмасининг умумий штат бирликлари доирасида қуйидаги лавозимлар киритилади:
- ҳокимнинг тоғли ҳудудлар ва яйловларни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари;
- ҳокимнинг дашт ва чўл ҳудудларида саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари.
2026 йилдан янги киритилаётган вилоят ҳокими ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда натижага йўналтирилган бошқарув тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Бунда:
- уларга KPI кўрсаткичларини белгилашда тегишли ҳудудларда саноатни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича стратегик кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторлар кўзда тутилади;
- KPI кўрсаткичлари таснифланади (стратегик, ҳудуд ва туман), уларнинг ўзаро мутаносиблиги таъминланган ҳолда ишлаб чиқилади;
- уларнинг KPI кўрсаткичлари бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида белгиланган мақсадларга эришганлик даражаси ва натижадорлиги билан баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юсупов Баҳром Музаффарович - Жиззах вилояти ҳокимининг тоғли ҳудудлар ва яйловларни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимига, Эгамов Бекзод Абдувалиевич - Жиззах вилояти ҳокимининг дашт ва чўл ҳудудларда саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.