1 февралдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва Камбағал оилалар реестри негизида Ягона ижтимоий реестр иш бошлайди. Айрим оилалар учун ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади.

2026 йил 1 февралдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар тақдим этилди.
Аҳоли ташаббусли лойиҳа қийматининг 50 фоизини молиялаштиришда иштирок этган тақдирда, қолган қисми республика бюджети ҳисобидан қопланади. Бундай лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади.
"Ёшларнинг ягона электрон платформаси" ахборот тизими ишга туширилмоқда, унинг вазифалари орасида ёшларнинг қизиқишларини аниқлаш бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиш, ёшлар учун амалдаги имтиёзлар, преференциялар ва имкониятлар тўғрисида маълумот бериш киради.
"Ёшлар дафтари" доирасида ижтимоий ёрдам олиш учун ариза бериш ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар "Ёшлар ягона электрон платформаси" орқали амалга оширилади.
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва Камбағал оилалар реестри негизида Ягона ижтимоий реестр иш бошлайди. У "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" АТда ижтимоий қўллаб-қувватланадиган оилаларни (шахсларни) аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини баҳолаш учун юритилади.
"Давлат таъминотидаги оила" тоифасига киритилган оилалар учун ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади.
Оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларини белгилаш ва чиқариб ташлаш билан боғлиқ низоларни тезкор ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил этилади.
Зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади.
Хорижлик фуқароларга илгари сотиб олган товарлар учун Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда тўланган ҚҚС суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.
Жисмоний шахсларга ID-картани дастлабки расмийлаштиришда унинг чипига киритиладиган ЭРИ сертификатини бериш бепул амалга оширилади.
"А" ва "Б" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни мажбурий тайёрлаш дастурининг назарий қисмини мустақил равишда ўрганишлари мумкин бўлади.
Президентнинг 23.12.2022 йилдаги ПҚ-452-сон қарори билан берилган чегирмалардан фойдаланадиган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча талаблар белгиланди.
"Китоб – маърифат манбаи" дастури бошланади, давлат органларининг китоб ва китобхонлик маданияти ҳақидаги рекламалари ижтимоий реклама сифатида эътироф этилади.
Ташувчилар туман марказларини олис ҳудудлар билан боғловчи норентабел мунтазам микроавтобус йўналишларининг зарарларини қоплаш учун ЯИДХПга аризалар тақдим этадилар. Аризалар "ЎзТранс" томонидан кўриб чиқилади, ушбу хизмат учун тўлов ундирилмайди.
2022 йил 15 октябрдаги 603-сон ВМҚ талабларига мувофиқ бериладиган сейсмиклик бўйича илмий хулоса учун тўлов миқдори 50 фоизга камайтирилади ва бир туркумдаги объектлар бўйича илмий хулосалар фақат бир марта берилади.
Умумий оғирлиги 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари, махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксилар, антиқа автомототранспорт воситалари учун алоҳида серияли давлат рақамлари жорий этилмоқда.
50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади, бундай транспорт воситалари давлат реестридан чиқарилади.
Кам таъминланган оилалар реестрига киритилган ёшлар давлат билан қўшимча моддий ёрдам ва имтиёзларни назарда тутувчи ижтимоий шартнома тузиши мумкин бўлади.
Lex.uz орқали "ақлли тарғибот" шаклидаги "проактив қонунчилик" тамойили жорий этилиб, тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг soliq.uz тизимидаги шахсий кабинетига уларнинг фаолият турига оид янги НҲҲ тўғрисидаги маълумотларни юбориш назарда тутилмоқда.
НКМК ва ОКМК томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металларни биржа савдоларида тадбиркорлик субъектларига сотишда чегирма бериш тугатилади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2026 йил 28 февралда якунланади.