platina.uz
Жамият

"Uzum Market" томонидан йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди

Мижоз маркетплейс орқали “MacBook M3 8/512” ноутбукка  пул тўлаб буюртма қилган, аммо унга бошқа товар етказилган. 

"Uzum Market" томонидан йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди

Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган мурожаатлар ўрганилди.

Ижтимоий тармоқлар орқали қолдирилган 100 дан ортиқ мурожаатларда “Uzum Market” МЧЖ ХК томонидан кўрсатилаётган хизматларда: иловаларнинг яхши ишламаслиги, буюртмаларни муддатида етказмаслик ёки унда хатоликка йўл қўйилаётгани, етказилган товарлардаги нуқсонлар ва шартномаларни бекор қилишдаги муаммолар билдирилган. Ушбу ҳолатлар Рақобат қўмитаси томонидан назоратга олиниб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Жумладан, нотўғри маҳсулот етказилган ҳолат бўйича фуқарога пул қайтарилди
Қўмита “Uzum Market” орқали “MacBook M3 8/512” ноутбукка пул тўлаб буюртма қилган, аммо унга бошқа товар етказилгани ҳақидаги мурожаатни ўрганди.

Аниқланишича, маҳсулот нархи нотўғри кўрсатилгани муаммога сабаб бўлган. Фуқарога арзонроқ товар таклиф этилган ёки пулини қайтариш билдирилган. Ўрганиш натижасида унга тўланган 16 млн 450 минг сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.

1-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқарога ногиронлик араваси етказилди
Қўмита ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан ваучер берилганига қарамай, фуқарога ногиронлик араваси етказилмаётгани юзасидан мурожаатни кўриб чиқди. Буюртма бир неча марта сабабсиз бекор қилингани ва фақат 15 минг сўмлик промокод берилгани аниқланди. Ўрганиш натижасида арава “Uzum Market” томонидан етказиб берилиши таъминланди.

Фуқарога носоз чангютгични тўлови қайтарилди
Қўмитага қолдирилган мурожаатда “Uzum Market”дан онлайн харид қилинган чангютгич носозлиги сабаб фуқаро шартномани бекор қилиш ва тўловни қайтаришни сўраган. Ўрганишлар асосида шартнома бекор қилиниб, 1 млн 170 минг сўмдан ортиқ маблағ фуқарога қайтарилди.

Кечиккан буюртма масаласи ҳал этилди
Қўмита фуқаронинг 3 та маҳсулотдан иборат буюртмаси белгиланган муддатда етказилмагани бўйича ўрганиш ўтказди. Чангютгич, уяли телефон ва бошқа товарлар 4 кун кечиктирилгани аниқланиб, “Uzum Market” томонидан уларнинг етказилиши таъминланди.

Пайвандлаш ускунаси бўйича муаммо бартараф этилди
Қўмита фуқаро сотиб олинган пайвандлаш ускунаси рекламаси ва амалдаги техник имкониятлари ўртасида фарқи борлиги аниқланган. Ўрганишдан сўнг 860 минг сўмлик тўлов “Uzum Market” томонидан тўлиқ қайтарилиши таъминланди.

Фуқарога тўғри ўлчамдаги кийимлар етказиб берилди
Буюртма қилинган чўмилиш кийимлари ўлчами мос келмагани сабаб қайтарилган. Қўмита сўрови асосида ҳолат ўрганилиб, фуқарога ўз вақтида тўғри ўлчамдаги товар қайта етказиб берилди.

Икки марта ечилган тўлов харидорни сим картасига ўтказилди
Қўмита мурожаат асосида олиб борган ўрганишларида фуқаронинг картасидан бир харид учун икки марта маблағ ечилгани аниқланди. Ўрганиш натижасида асоссиз ечилган 51 600 сўм харидорга қайтарилди.

Пойабзал учун тўланган маблағ тўлиқ қайтарилди
Қўмитага аёллар пойабзали ўлчами мос келмагани, уни алмаштиришдаги муаммо юзасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаат ўрганилиб, 165 000 сўм истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.

Носоз кондиционер тўлови истеъмолчига ундириб берилди
Қўмита фуқаронинг харид қилган “Aux” кондиционери хонадонига мос келмагани учун қайтарган, аммо пули ўз вақтида ололмаётгани юзасида мурожаатни ўрганиб чиқди. Ўрганишлардан сўнг 4 млн сўмга яқин маблағ фуқарога тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid