platina.uz
Сиёсат

ИИВ собиқ амалдорлари 186 млрд сўмни ўзлаштириб юборган

Айни пайтда Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ собиқ амалдорлари 186 млрд сўмни ўзлаштириб юборган

Ички ишлар вазири собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва ИИВ Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов тизимдаги давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағини ўзлаштирилган.

Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди. Ҳар иккала мулозим қамоққа олингани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

Бундан ташқари, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи Хотам Қодиров ҳам ишдан олинган.

Ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлсада, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида раҳбар кадрларнинг барчасининг ёши 50 ёшдан кичик.

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва ўзбек халқига юборган мурожаатномасида 2026 йилда коррупцияга қарши қаттиқ кураш кетишини билдирган эди.

Маълумот учун, генерал-маёр Бекмурод Абдуллаев 2025 йил 3 ноябр куни ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан олинган эди. Абдуллаев ушбу лавозимга 2021 йил апрел ойида тайинланган.

Бунгача у (2020 йил апрел ойидан) Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари, (2019 йил ноябр ойидан) ИИВ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, (2018 йил октябридан) Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Молия ва моддий-техник таъминот бошқармаси бошлиғи лавозимларида ҳам ишлаган.

Абдуллаев билан бир кунда ИИВнинг Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов ҳам лавозимидан озод этилганди. Турсунов ушбу лавозимда 2021 йил феврал ойидан бери ишлаб келаётган эди. Бунгача у Жиззах (2017-2018) ва Навоий (2018-2021) вилоятлари ИИБларига раҳбарлик қилган.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid